ЖАМИЯТ

ЖАҒ-ЖАҒ ҲАҚИДА


17.02.2023   511

Жағ-жағ (ачамбити) ёввойи ҳолда жуда кенг тарқалган бўлиб (фақат энг шимолий ва сувсиз туманларда – саҳрода, Арктикада учрамайди), ўтлоқларда, боғларда, йўл ёқаларида, аҳоли яшайдиган жойларда, бегона ўт сифатида экинзорларда ва бошқа эрларда ўсади.

Таомларга жағ-жағнинг янги кўкарган барглари ишлатилади. Баргидан сомсага масаллиқ, пюре, соус тайёрланади. Уни борш, сабзавотлардан тайёрланадиган салатлар, винегретлар, турли суюқ овқатларга қўшадилар. Жағ-жағнинг ёш, нозик барглари салатларга яхши, нозик, ёқимли ўткир ва саримоқпиёз ҳидини беради.

Баҳорда халқимиз жағ-жағнинг ёш баргларини ялпиз барги, исмалоқ ва бошқа ёввойи ҳолда ўсадиган ўсимликлар баргларига қўшиб, улардан кўк сомса ва чучвара пиширади.

Уч ой давомида қишдан сўнг организм витаминларга, органик кислоталар, минерал моддалар, ферментлар ва бошқа моддаларга муҳтож бўлиб чиққан вақтда жағ-жағ баргини овқатга ишлатишни аҳамияти катта. Организмга керакли бўлган биологик фаол моддаларни эрта баҳорда ўсиб чиққан ўсимликларнинг ёш баргларидан, шу жумладан жағ-жағ баргидан олиш мумкин. Жағ-жағ иштаха очади, мэъда шираси ажралишини яхшилайди, енгил сурги ва ўт ҳайдаш таъсирини кўрсатади.