Андижон 24

Йўл ҳаракати хавфсизлиги: ЭЪТИБОРСИЗЛИК ОҚИБАТИ


16.03.2024   3245

Амалга оширилаётган кенг кўламли тадбирларга қарамасдан вилоятимиз ҳудудида болалар билан боғлиқ содир этилаётган йўл-транспорт ҳодисалари салмоғи, афсуски, камайганча йўқ. Йўл-транспорт ҳодисалари турлари бўйича таҳлил қилинганда, аксарияти тўқнашув, пиёда ва велосипедчини уриб юбориш ҳолатларига тўғри келади. Болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари уларнинг ота-оналари томонидан қаровсиз қолдирилиши, назоратнинг етарли даражада эмаслиги, болалар томонидан автомобиль йўлларининг йўл четида чорва молларини боқиш билан машғул бўлишлари ва ҳаракатланиб келаётган транспорт воситаларига беэътибор бўлишлари оқибатида содир этилаётганлигини кўриш мумкин. Барча олий ва ўрта махсус ўқув юртлари, умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотларида йўл патрул хизмати ходимлари бириктирилиб, улар томонидан ўқув йили давомида «Йўл ҳаракати қоидалари» машғулотларининг олиб борилмоқда. Бундан ташқари, содир этилаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, болаларга ҳаракатланиш талабларини ўргатиш йўналишида маҳаллаларда, корхона, ташкилотларда ҳам профилактик тадбирлар ўтказилмоқда. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, болалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш самарадорлигини янада ошириш мақсадида вилоятимиз ҳудудидаги мавжуд маҳалла фуқаролар йиғинлари ва ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда, «Бир болага етти қўшни ота-она» шиори остида маҳалла ва кўчалар кесимида, корхона ва ташкилотларда, бозор ҳудудларида ва аҳоли кўп тўпланадиган жойларда тушунтириш, тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Бунёдбек ОДИЛЖОНОВ,

Андижон шаҳар ИИО ФМБ ЖХХ ЙҲХБ

тарғибот-ташвиқот бўйича инспектор, катта сержант.