ЖАМИЯТ

«ЯХШИЛАР КЎП»МИШ...


11.12.2021   1553

... Қизининг тўйига гилам олгани шаҳар бозорига кетган Маҳкамбой ака кечга томон уйга келди.Нафасини ростлаб, бир-икки пиёла чой ичгач, нимчасининг чўнтагига қўл суқдию, ранги дув оқарди. Ҳарчанд титкиламасин, бозор харажатидан ортган анчагина пул ёнида йўқ эди. "Йўлда тушириб қўйдимми ё бозорда...Гиламфуруш кўзимга сал ғалати кўринганди. Кўзимни шамғалат қилиб билдирмай олиб қўйгандир балким? Эҳтимол бирон бир қўли қинғир... Ҳай-ҳай, бундай бўлишидан худо сақласин!" - қўнглига бот-бот келаётган нохуш ўй-хаёллар уни адойи тамом қилаёзди.

Келаси бозор куни келгунича у кунлар тугул, ҳатто соат, дақиқаларни ҳам саноқдан ўтказиб чиқди. Якшанба тонг отар-отмас йўлга отланаркан, эшик олдида кузатгани чиққан хотинига минғирлади:

Ҳозир одамларда инсоф қолмаган, уқдингми? Бировнинг ҳақидан сираям қўрқишмайди. Пулим топилса топилди, агар топилмаса бутун мелисани оёққа тур-ғиздираман, қадамим етган ергача бораман. Ўша ўғри, чўнтаккесарларга кимлигимни кўрсатиб қўяман.

Ҳай-ҳай, дадаси, ундан кўра эрталабдан ниятни яхши қилинг. Дунёда яхшилар кўп.

Овозингни ўчир-е! Яхшилар кўпмиш! Улар кўп бўлганда мен шунақа аҳволга тушмасдим.

У бозорга етгунча ҳам одатдаги "дийдиё"сини айтиб, ёнидагиларни қулоғини карахт қилиб юборди. Машинадан тушиб, шоша-пиша гилам бозорига йўл олди. Гиламфуруш уни узоқдан кўрибоқ, икки қўлини кўксига қўйди. "Ҳа, ноинсоф, мениқайтиб келишимни кутмаган шекилли. Бормасимданоқ кечирим сўраб, ўзича такаллуф қиляпти. Пулимни ўмаргани аниқ.".

Ҳайрият, ҳайрият, худо сизни менга қайта йўлиқтирди, гиламфуруш ўзиниайбдордай ҳис қилиб Маҳкамбой акага пешвоз чиқди. - Ўзига минг қатла шукр! Ўша кундан бери хавотирда эдим.

Нега? Маҳкамбой ака ҳеч нима билмагандай унга синчков тикилди. Ё гиламга берган пулим кам чиқдими?

Йўғ-е, аксинча. Гилам харид қилиб кетганингиздан анча вақт ўтиб, бундай қарасам анави гиламнинг бир четидакўк чорси турибди. Қарасам ичида анчагина пул. Уни белингиздан ечганингиз ёдимга тушиб, "унутиб қолдирганини билса келиб қолар", деган умидда йўлингизга кўз тутаётгандим. Мана, ака, омонатингизни олинг.

Осмондан тушган одамга йўлиққандай Маҳкамбой ака сотувчига ҳайратланиб тикилди. Сўнг:

Ҳаммаси жойидами? дея чорсига имо қилди.

Тушунмадим?

Пулнинг ҳаммаси жойидами деяпман-да.

Ёпирай! Мен чорсининг ичига бир қарадим, холос. У ёғи Аллоҳга аён.

Маҳкамбой ака шошилмай санагач, иягини силаб "ҳм-м" деб қўйди. Сўнг чорсидаги пулдан олиб, гиламфурушга узатди.

Манг, суюнчи!

Ие, бу қанақаси? Бировнинг ҳақи луқмамизга қўшилиб қолишдан Яратганнинг ўзи асрасин. Пулингиз ўзингизга буюрсин. Биз ҳалол насиба илинжидамиз, ака. Ундан кўра дуо қилинг.

...Қайтишда юзи заҳил бир кимса "одамларда ҳеч ҳам инсоф қолмагани" ҳақида минғирлай бошлади. Йўл бўйи миқ этмай келаётган Маҳкамбой аканинг тоқати тоқ бўлди.

Ҳой, биродар, бўлмағур гапни ҳадеб айтаверманг. Сиз айтгандай "инсофли одамлар анқонинг уруғига айланган"ча йўқ. Агар ишонмасангиз гилам бозорига боринг...

У шундай деб луқма ташлагач, белидаги чорсини мамнунлик билан сийпалаб қўйди.

Ҳалимжон ТОҲИРОВ.