Андижон 24

ВАТАН ЮРАГИНГНИНГ ТУБИДА БЎЛАДИ


28.05.2022   671

Мусаввир Жўра Асрон ижодий галереясига ана шундай ном қўйиш мумкин. Унинг бир-биридан бетакрор манзараларни акс эттирган расмлари она юрт ҳақида битилган гўзал қўшиққа ўхшайди. Энг муҳими, улар Андижон заминининг сизга таниш манзаралари. Чунки мусаввир Жўра Асран Андижонда туғилиб ўсган.

- Ватан юрагингнинг тубида бўлади. Ундан бир қадам узоқлашсанг, юрак ҳапқириб, соғинч қийнай бошлайди. Мен буни ўзга юртларда сафарда юрган дамларимда чуқур ҳис қиламан, - дейди мусаввир. – Ана шунда ўз юртимнинг жамолидан гўзалроқ суврат йўқлигини англай бошлайман...

Дарҳақиқат, Жўра ака ер юзининг жуда кўплаб мамлакатларида бўлиб, ўз ижодий кўргазмаларини очишга муваффақ бўлган. Германия, Австралия, Венгрия, Эрон, Туркия каби давлатларда бўлган. Унинг чизган табиат манзаралари майин саболарда тебранаётгандай жонлию гулларга қўниб турган капалаклар ҳозир учиб кетадигандай. Бу манзараларни кўриб юракка қувват оласиз, она-Ватан тупроғини кўзга суртгудек шодланасиз.

Жўра ака ижодида ўзбек алломаларининг суратлари ҳам бетимсол сайқал топди. Аҳмад ал-Фарғоний, Ал-Бухорий, Хўжа Аҳрор Валий, Бурҳониддин Марғиноний суратлари кўргазма залларида бутун дунёни кезиб чиқди. Ўзга юрт кишилари ҳам буюк аждодларимиз сиймосидан таралган нурга маҳлиё бўлдилар.

- Ўзбекнинг эрка шоири Муҳаммад Юсуф билан сўнгги кунларида бирга эдик, - деб эслайди мусаввир. – Бир куни у “Агар менинг онам суратини ўзига ўхшатиб чизиб берсангиз, бир умр хизматингизда бўлардим. Унинг кўзларидаги меҳрни, қўлларидаги қат-қат қадоқларни ҳам чизинг”, деб қолди. Аммо, Марҳаматга келиб, онаси суратини чизиб кетганимни кўриш шоирга насиб этмади...

Шундай қилиб, мусаввир ижодида “Она” асари дунёга келди. Бошидагиоппоқ рўмоли, қуёшда қорайган юзлари, меҳрли боқувчи кўзлар, дарахт танасидек чайир қўллар тасвири шоир сўраганидек муҳрланди. Онанинг нигоҳларидаги сўнгсиз армон, буюк шоирни улғайтирган шаффоф қалб ҳам суратда ўз аксини топгандек эди. “У биргина шоир онаси эмас, бутун ўзбек аёлларининг тимсолига ўхшайди”, деб баҳо беришди мусаввирнинг Москвада ўтказилган шахсий кўргазмасида.

Ўзбекистон Бадиий академияси ижодкорлар уюшмаси аъзоси, имом Бухорий ҳамда Аҳмад ал-Фарғоний номидаги Халқаро мукофотлар совриндори, мусаввир Жўра Асрон билан ҳамюртимиз сифатида фахрлансак арзийди. Юртга бўлган муҳаббатни тасвирларга кўчира олган мусаввирга янада ижодий парвозлар тилаймиз.