ЖАМИЯТ

ЎЗБЕКИСТОНЛИК ҚУТҚАРУВЧИЛАР ХАТАЙ ВИЛОЯТИДАГИ ВАЙРОНАЛАР ОСТИДАН 70 КИШИНИ ҚУТҚАРИШДИ


17.02.2023   496

16 февраль куни Туркиянинг Ҳатай вилоятида 5,2 магнитудали зилзила содир бўлди. Аввалги зилзилаларда зарарланган бир неча бинолар қулаб тушган.

Ўзбекистондан келган қутқарув гуруҳи Туркиянинг зилзиладан жабр кўрган ҳудудларида қидирув-қутқарув ишларида қатнашишда давом этмоқда.

«Анадолу» АА маълумотига кўра, зилзиладан энг кўп жабр кўрган жанубий Хатай вилоятида 100 кишидан иборат ўзбекистонлик қутқарувчилар ўн кундан ортиқ вақт давомида ишлашмоқда. Қутқарувчилар ўз ҳаракатларини Туркия ҳукумати ҳузуридаги Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш бошқармаси (AFAD) вакиллари билан мувофиқлаштирмоқда.

Ҳозиргача ўзбекистонлик қутқарувчилар вайроналар остидан 70 кишини қутқаришга муваффақ бўлишди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Туркияда кучли зилзила оқибатида қурбонлар сони 38 044 кишига етган.