ЖАМИЯТ

ЎЗБЕКИСТОНЛИК ҲАЙДОВЧИЛАР АФҒОНИСТОН ОРҚАЛИ ТРАНЗИТ ЮК ТАШИШНИ БОШЛАДИ


17.06.2022   1666

Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон вакиллари 26-27 март кунлари Термиз шаҳрида учрашганди.

Ўзбекистонлик ҳайдовчилари илк маротаба Афғонистон орқали Покистонга юк ташувларини амалга оширди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, «Тошкент – Термиз – Мозори-Шариф – Қобул – Пешавор – Карачи» йўналиши бўйлаб 2760 километр йўлни босиб ўтган ўзбекистонлик ҳайдовчилар Карачи портидан ортилган музлатилган гўштни бир ҳафтада Тошкентга етказиб келган.

Қайд этилишича, 26-27 март кунлари Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон вакилларининг Термиз шаҳридаги учрашувида учта давлат ҳудуди бўйлаб автомобиль транспортида халқаро юк ташувлари жараёнида юзага келаётган муаммолар ва уларни ҳал этиш масалалари юзасидан аниқ чора-тадбирлар режаси белгилаб олинган эди.

Аввалроқ Ўзбекистон ва Афғонистон 2022 йилда электр энергияси етказиб бериш бўйича 100 миллион долларлик шартнома имзолагани ҳақида хабар берилганди.