ЖАМИЯТ

Ўзбекистонда уран захирасини ўстириш бўйича хорижий компаниялар билан ҳамкорликда геология-қидирув ишлари давом эттирилади


02.08.2023   700

Президент Шавкат Мирзиёев бугун фойдали қазилмалар захираси ва ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришга оид тақдимот билан танишди

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, мамлакатимизда геология соҳасига катта эътибор қаратилиб, замонавий технологиялар жорий қилингани натижасида ерости бойликларини аниқлаш кўлами кенгайди. Уларни қазиб олиш ва қайта ишлаш лойиҳаларига хорижий инвестициялар кириб келмоқда.

Хусусан, сўнгги олти йилда каолинни қайта ишлаш бўйича 148 миллион долларлик 15 та янги лойиҳалар ишга тушган. Натижада тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 2 баробар кўпайиб, экспорт 65 миллион долларга етган. Шу даврда кўмир қазиб чиқариш ҳажми 1,4 баробар ошиб, 5,4 миллион тоннага етган.

Тақдимотда шу соҳадаги, жумладан, кўмир, каолин ва уран ҳажмини оширишга қаратилган режалар ҳақида ахборот берилди.

Қайд этилганидек, бу йил 6,7 миллион тонна кўмир қазиб олиш режа қилинган.

Каолин бўйича қиймати 620 миллион долларлик 33 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Ундан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳисобига жорий йилда экспортни 81 миллион долларга, 2030 йилга бориб 180 миллион долларга етказиш мўлжалланган.

Шунингдек, уран захирасини ўстириш бўйича хорижий компаниялар билан ҳамкорликда геология-қидирув ишлари давом эттирилади.

Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга бу йўналишларда натижадорликни янада ошириш имкониятларини кўрсатиб ўтди. Мавжуд хомашё базаси, ноёб технологиялар ва кадрлар салоҳиятидан унумли фойдаланиб, маҳсулотлар ҳажмини кўпайтириш вазифаси қўйилди.

Сурхондарёдаги тошкўмир бўйича 5 та истиқболли майдонни хусусий секторга бериб, геология-қидирув ишларини жадаллаштириш, Ангренда қазиб олинадиган кўмир сифатини яхшилаш ва саралаш технологияларини жорий этиш бўйича кўрсатма берилди.

Янги каолин конларини топиш ва оқ каолин захирасини 200 миллион тоннага етказиш, уни қайта ишлаш лойиҳаларини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди.

Гидротермал ва қора сланецли уран конларини ўзлаштиришга хорижий инвесторлар жалб қилиниши белгиланди.