Андижон 24

ЎЗБЕКИСТОНДА КОРОНАВИРУСНИ ЙЎҚ ҚИЛУВЧИ ТЕХНОЛОГИЯ ЯРАТИЛГАНИ АЙТИЛМОҚДА. У СИНОВЛАРДАН МУВАФФАҚИЯТЛИ ЎТГАН


05.09.2020   5609

«Xabar.uz» нашрининг ёзишича, Ўзбекистонда коронавирусни йўқотувчи технология яратилган. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, ҳавони микроб, бактерия, вируслар ва бошқа ифлосланишлардан тозалаши таъкидланаётган ушбу технология дастлабки синовлар муваффақиятли ўтган. Бу хабарнинг қанчалик ҳақиқатлигига ойдинлик киритиш мақсадида нашр соҳа мутахассисларининг фикри билан қизиқди.

Чилонзор туман Санитария эпидемиология ва осойишталик маркази раҳбари Гулноза Мирзаеванинг айтишича, пандемия бошлангандан буён коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида ташкилот томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

«2020 йилнинг апрель ойида муҳандисларимиз ҳаводаги микроб ва бактерияларни йўқотувчи янги инновацион технологияни яратишди. Илк тажрибалар ўтказилиб, технология такомиллаштирилди. Май ойидан бошлаб интенсив синовлар, жумладан, бактерицид лампа, озонатор, ультрабинафша ва кварцларга нисбатан ҳам солиштирув ва имкониятлари текширилди. Технология унумдорлиги юқори бўлгани, вақт зиқлиги, вируснинг борган сари кўпайиши сабаб шаҳар вирусология лабораториясида коронавирусга қарши синаб кўришга қарор қилдик.

Синовлар айнан ҳаводаги коронавирусни йўқ қилишга мўлжалланган эди. Натижаларга кўра, муҳандисларимиз томонидан яратилган технология нафақат ҳаводаги, балки лаборатория юзидаги бактерия, микроблар ва коронавирусни ҳам буткул йўқотди», — дейди у.

«Коронавирус нафақат ҳавода муаллақ бир пайтгача, балки хонанинг барча қисми, юзаларида ҳам сақланиб қолишига амин бўлдик. Шундан сўнг 30 дақиқага янги технологияни ишга тушириб, қайта синовларни ўтказдик. Бокс ичидан ташқари, барча жойлардаги коронавирус бартараф этилганининг гувоҳи бўлдик», — дейди, Тошкент шаҳар Санитария эпидемиология ва осойишталик маркази, вирусология лабораторияси мудираси Доно Муҳамедова.

Тошкент шаҳар Санитария эпидемиология ва осойишталик маркази раҳбари Малика Қудратхўжаеванинг таъкидлашича, ҳозирча яратилган технологиянинг чет элда аналоги йўқ. Лекин Европа, АҚШ, Россия мамлакатлари мутахассислари ҳам коронавирусни ҳаво ва ҳаво томчилари орқали тарқалишининг олдини олиш мақсадида шунга ўхшаш технологиялар устида иш олиб боришмоқда.

«Синовлар жараёнида чет эл фармацевтика саноати ташкилотлари томонидан технологияни сотиб олиш таклифлари ҳам тушган эди. Рад этдик, сабаби, авваламбор, мазкур технология юртимиз, халқимиз учун хизмат қилиши лозим. Ички талаблар қондирилгач, чет элга реализация масалалари кўриб чиқилади», — дейди Малика Қудратхўжаева.

Шунингдек, унинг таъкидлашича, тез кунларда синовлар ниҳоясига етади. Шундан сўнг тиббиёт муассасалари, дорихона, мактаб, ошхоналар, тўйхона каби аҳоли гавжум жойларда қўлланилиши учун тавсиялар берилади.

Манба: daryo.uz