ЖАМИЯТ

ЎЗБЕКИСТОНДА «АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИ – 2030» МИЛЛИЙ СТРАТЕГИЯСИ ИШЛАБ ЧИҚИЛАДИ


11.09.2023   255

Ўзбекистон Президентининг «Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

Ҳужжатда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, жумладан, бошқарувни такомиллаштириш, соҳани ривожлантиришнинг келгуси истиқболларини белгилаш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва давлат мулки объектларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтиришга доир мақсад ва вазифалар белгиланган.

Жумладан, фармонга мувофиқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги халқаро ташкилотлар ва хорижий консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда 2023 йил якунига қадар илғор хорижий тажриба асосида қуйидагиларга асосий эътиборни қаратган ҳолда «Аҳоли саломатлиги – 2030» миллий стратегияси ишлаб чиқади. Шунингдек, хусусий секторни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилиш ҳамда йирик давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, фармацевтика тармоғини самарали тартибга солиш ва бошқа вазифаларни амалга оширади.

Янги фармон асосида 2024 йил 1 январдан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси, Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси, Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси, Спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган бемор болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси негизида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилади.

Давлатимиз раҳбари томонидан қабулланган мазкур ҳужжатда, шунингдек, Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти этиб қайта ташкил қилиниши қайд этилган.