ЖАМИЯТ

ЎЗБЕКИСТОН ВА МИСР ИШБИЛАРМОНЛАР КЕНГАШИ ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ


27.07.2023   247

Ўзбекистон Республикасининг Миср Араб Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Мансурбек Қиличев Миср ишбилармонлари уюшмаси (Egyptian Businessmen’s Assosiation – EBA) ижрочи директори Муҳаммад Юсуф билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири. Dunyo

Суҳбат аввалида Муҳаммад Юсуф жорий йил мамлакатимизда ўтказилган Президент сайловларида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этгани ҳолда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан бевосита танишиш, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва бошқа ташкилотларда самарали учрашувлар ўтказилишида кўрсатилган ёрдам учун миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистонда яратилган қулай бизнес муҳити, хорижий инвесторларга бўлган юксак эътибор, тез суръатларда ривожланаётган иқтисодиёт мисрлик ишбилармонлар эътиборини тортаётгани маълум қилинди.

Муҳаммад Юсуфнинг алоҳида таъкидлашича, Мисрда фаолият кўрсатадиган “Orascom Investment Holding” компанияси раиси Нажиб Савириснинг Тошкентга сафари ва Ўзбекистон Президенти томонидан қабул қилиниши мисрлик ишбилармонлар орасида катта қизиқиш уйғотди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Миср ишбилармонлари “Бизнес кенгашини” тузиш, Қоҳира ва Тошкентда бизнес форумларини ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Суҳбат сўнгида Ўзбекистон ва Миср ишбилармонлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва кенгайтириш мақсадида қуйидаги тадбирларни ўтказишга келишиб олинди:

- Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Миср ишбилармонлари уюшмаси раҳбарлари ўртасида 31 июль куни онлайн музокаралар ўтказиш;

- 31 июль куни Ўзбекистон ва Миср Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш бўйича Англашув меморандумини имзолаш;

Учрашув чоғида Мисрнинг Порт-Саид махсус иқтисодий ҳудудида ўзбек товарларининг Африка бозорига чиқишига имкон берувчи логистика маркази, омбор ташкил этишнинг амалий жиҳатлари ҳам кўриб чиқилди.

Маълумот тариқасида қайд этиш жоизки, Миср ишбилармонлари уюшмаси (Egyptian Businessmen’s Assosiation – EBA) 1979 йилда ташкил этилган бўлиб, 18 та қўмитадан иборат. Асосан саноат, қишлоқ хўжалиги, банк ва молия, энергетика, экология, ахборот технологиялари, кўчмас мулк, сайёҳлик, фуқаро авиацияси, транспорт, импорт-экспорт ва бошқа соҳаларда фаолият кўрсатадиган бизнесменларни, мамлакатнинг 1300 та йирик компанияларини ўз атрофига бирлаштирган. Уюшма қатор хорижий давлатларнинг ишбилармон доиралари билан кенгашлар ва қўшма қўмиталар таъсис этган.