ЖАМИЯТ

ЎЗБЕКИСТОН ВА ҲИНДИСТОН ЧАРМ-ПОЙАБЗАЛ САНОАТИ ВАКИЛЛАРИ ҲАМКОРЛИК АЛОҚАЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРМОҚДА


13.09.2023   211

Мамлакатимизнинг Деҳлидаги элчихонаси кўмагида ўзбекистонлик бир гуруҳ тадбиркорлар Ҳиндистоннинг чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик компаниялари фаолияти билан танишди.

“DSM-Intenational” МЧЖ бош директори Мирсаид Зоҳидов бошчилигидаги делегация Деҳли, Канпур ва Агра шаҳарларида чарм ва атторлик йўналишларида фаолият юритадиган корхоналарда учрашувлар ўтказиб, ўзаро тажриба алмашди.

“Discovery leather” компаниясида бўлиб ўтган мулоқот чоғида Ўзбекистонда чет эллик инвесторлар ва тадбиркорлар учун яратилган қулай шароитлар, уларга тақдим этилаётган имтиёзлар тўғрисида маълумот тақдим этилди. Мазкур корхонада йилига чармдан 210 минг дона кийим-кечак ишлаб чиқарилади. Маҳсулотларни АҚШ, Япония, Австралия ва Европа давлатларига экспорт қилиш йўлга қўйилган. Мамлакатимизда қўшма лойиҳалар амалга ошириш, халқаро бозорларга биргаликда маҳсулотлар олиб чиқиш бўйича ҳамкорлик қилиш юзасидан келишувга эришилди.

Аёллар пойабзали ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Kiwi Enterprises” компаниясида бўлиб ўтган музокаралар чоғида жорий йил ноябрь ойида мазкур корхона делегациясининг Ўзбекистонга сафарини ташкил қилиш бўйича қарорга келинди. Томонлар ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш ва ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни биргаликда ўрганиб чиқди.

Ўзбекистон делегацияси аъзоларида “Homera Tanning LTD” компаниянининг кластер усулида йўлга қўйилган фаолияти катта қизиқиш уйғотди. Мазкур компания 4 та йирик бўлинмаларни бирлаштирган бўлиб, бу ерда 2 мингга яқин иш ўринлари яратилган. Кластерда тери хом-ашёсини қайта ишлашдан тортиб тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараён қамраб олинган. Учрашув доирасида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган чарм маҳсулотлари тақдим этилди ҳамда 500 минг долларлик экспорт шартномаси имзолашга келишилди.

“Gupta Overseas Pvt. Ltd” компаниясида ҳам Ўзбекистонда саноат тармоқлари, жумладан чарм-пойабзал соҳасини янада ривожлантириш учун яратилган қулай муҳит, хорижлик тадбиркорлар билан амалга оширилаётган муваффақиятли қўшма лойиҳалар ҳақида сўзлаб берилди. Компания ва мамлакатимиз чарм саноати вакиллари ўртасида делегациялар алмашиш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш, экспорт-импорт муносабатларини фаоллаштириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.