ЖАМИЯТ

ЎЗБЕКИСТОН ВА ХИТОЙНИНГ САЙЁҲЛИК ШАҲАРЛАРИ ЎРТАСИДА МУНТАЗАМ ВА ЧАРТЕР ҲАВО ҚАТНОВЛАРИНИ ЙЎЛГА ҚЎЙИШ ИСТИҚБОЛЛАРИ ЎРГАНИЛМОҚДА


17.02.2023   554

Ўзбекистон маданият ва туризм вазирлигида «Shaanxi Tourism Group» компанияси ҳузуридаги «New Silk Road Product Center» директори Хан Зҳонгфенг ва «Zhejang Loong Airlines» авиакомпанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Маданият ва туризм вазирлиги маълумотига кўра, мулоқот чоғида Хитойдан Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига сайёҳлар оқимини кўпайтириш, махсус қўшма саёҳат йўналишларини ишлаб чиқиш, мамлакат минтақаларининг туризм салоҳиятини Хитойда тарғиб қилиш, икки мамлакат туристик шаҳарларига мунтазам ва чартер ҳаво қатновларини амалга ошириш, шунингдек, ўзаро тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Туризм соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётган Ўзбекистон-Хитой туризмни ривожлантириш ассоциацияси фаолияти юқори баҳоланди.

Учрашув якунида икки мамлакатда сайёҳлик агентликларини очиш масаласини тезлаштириш, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби туристик инфратузилмага эга тарихий шаҳарларда «Shaanxi Tourism Group» компанияси мутахассислари учун инфо-турлар ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, 2023 йилнинг 10 февраль куни «Zhejang Loong Airlines» авиакомпанияси томонидан Сиань – Тошкент – Сиань йўналишидаги илк тўғридан-тўғри ҳаво қатнови амалга оширилди.

Маълумот учун, «Shaanxi Tourism Group Co., Ltd.» 1998 йилда Шэнси провинцияси (Хитой) ҳукумати томонидан ташкил этилган ва ваколат берилган давлат инвестиция ҳамда операция ташкилоти ҳисобланади. Компания фаолияти туризм индустриясини, хусусан, сайёҳлик хизматлари, сайёҳлик ва маданият марказлари, технологияларни қўллаб-қувватлаш ва туризмга инвестициялар киритишни ривожлантиришга қаратилган.