ЖАМИЯТ

ЎЗБЕКИСТОН ВА ХИТОЙ КЎП ҚИРРАЛИ ҲАМКОРЛИКНИ ЙЎЛГА ҚЎЙИШГА ТАЙЁР


31.07.2023   259

Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда Хитойнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ю Жун ўртасида бўлиб ўтган учрашув чоғида ХХРнинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестицияси миқдори сўнгги йилларда 5 баробар ортгани маълум қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашув чоғида давлатимиз раҳбарининг жорий йил май ойида Хитойга ташрифи доирасида эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ қилиш, шунингдек, икки томонлама савдо-иқтисодий, сармоявий, молиявий-техникавий ҳамкорликни кенгайтириш имконияти муҳокама қилинди.

Ўзаро савдони ривожлантириш истиқболи кўриб чиқилди. Маҳсулот ва хизмат алмашинуви 2022 йил 8,92 миллиард долларни, 2023 йил биринчи ярмида 5,6 миллиард долларни ташкил этгани билдирилди. Бошқа чоралар билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб беришни кенгайтириш ҳисобига ушбу кўрсаткич янада ўсишини таъминлаш мақсадида биргаликдаги саъй-ҳаракатни фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Хитойнинг республикамиз иқтисодиётига киритган инвестицияси ўсиш суръати жадаллашиб, сўнгги йилларда 5 баробар ортгани ҳолда 2022 йили 2,2 миллиард долларга етгани, мамлакатимизда Хитой капитали иштирокидаги корхоналар сони уч баробар ошгани қайд этилди.

Инвестиция соҳасида ҳамкорлик ва саноат кооперацияси кўламини кенгайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Энергетика, кимё саноати, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма ва транспорт соҳаларида қўшма лойиҳалар жорий этиш ҳолати кўриб чиқилди.

ХХР ҳукумати Ўзбекистонда амалга ошираётган ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни маромига етказиш учун молиявий ва техник ёрдамни кенгайтириш имконияти, шунингдек, томонларни қизиқтирган бошқа масалалар таҳлил қилинди.

Учрашув якуни бўйича эришилган келишувларнинг амалий ижросини таъминлашни жадаллаштириш, янги истиқболли ташаббуслар ишлаб чиқиш борасида келгуси ҳамкорликка оид ташкилий масалалар ишлаб чиқилди