Бугуннинг гапи

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МУСТАҚИЛЛИГИГА 30 ЙИЛ ТЎЛДИ


01.09.2021   725

Бундан 30 йил муқаддам мамлакатимиз тарихида буюк сиёсий воқеликка тамал тоши қўйилди. Жонажон Ватанимизнинг кўп минг йиллик тарихида янги давр – эркинлик ва озодлик, тараққиёт ва миллий тикланиш даври бошланди.

Айтиш жоиз бўлса, бугун халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан танлаб олинган, истиқлол йилларида босиб ўтган оғир ва машаққатли, шу билан бирга, ғоят шарафли 30 йўлнинг сарҳисобидамиз. Тарихан қисқа бир даврда ўз тақдиримизни ўзимиз ҳал этиш, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаш, миллий давлатчилигимизни, азалий қадрият ва урф-одатларимизни, муқаддас динимизни тиклаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида улкан ютуқ ва марраларни қўлга киритганимизни фахр билан тилга оламиз.

Мустақиллик йилларида юртимизда суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, жиноятга оид қонунчиликни либераллаштириш, тўғри йўлдан адашган инсонларни соғлом ҳаётга қайтариш юзасидан ҳам тарихий қадамлар ташланди. Масалан, сўнгги пайтда жазони ўтаётган шахсларга нисбатан афв институти кенг қўлланаётгани халқимизга хос бағрикенглик ва инсонпарварликнинг амалий ифодасидир.

Шунингдек, инсон ҳуқуқларининг энг муҳим шарти бўлган шахснинг фуқаролигини тиклаш бўйича ҳам салмоқли қадамлар қўйилди. Кўп йиллар давомида юртимизда яшаб келаётган бўлса-да, фуқаролик ололмай юрган, бу юксак мақомни узоқ вақт интиқиб кутган минг-минглаб кишиларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилди.

Истиқлолнинг яна бир муҳим мезони шу бўлдики, охирги йилларда тараққиёт кушандаси бўлмиш иллат – коррупцияга қарши мамлакатимизда кенг кўламда кураш олиб борилмоқда. Шу борада янги тузилма – Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ташкил этилгани ҳам бу масаланинг долзарблиги ва доимий эътиборда эканлиги ифодасидир.

Мустақилликнинг бу каби неъматлари ҳаётимизнинг фаровонлигига, юртимизнинг ободлигига, сарҳадларимизнинг хавфу хатардан холилигига, келажагимиз ёруғлигига хизмат қилаётир.

Абдулфатто ЭГАМБЕРДИЕВ,

Ногиронлиги бўлган болалар Қўрғонтепа "Мурувват уйи" ҳуқуқшуноси.