ЖАМИЯТ

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ СОВРИНИ УЧУН «РАҚАМЛИ ТЕХНОЛОГИЯЛАР ЙЎНАЛИШИДА ЭНГ ЯХШИ СТАРТАП» ТАНЛОВИ ЎТКАЗИЛАДИ


17.02.2023   563

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Президент соврини учун «Рақамли технологиялар йўналишида энг яхши стартап» (President Tech Award) танловини ўтказиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Низомга кўра, танлов 2023 йил майдан бошлаб ҳар йили қуйидаги 5 та асосий ҳамда 1 та махсус йўналиш бўйича ўтказилади:

-сунъий интеллект технологиялари;

-ижтимоий йўналишда рақамли технологиялар;

-ахборот ва киберхавфсизлик технологиялари;

-тадбиркорлик ва молиявий технологиялар;

-компьютер ва мобил ўйин дастурлари.

Танловнинг асосий йўналишларида 30 ёшга тўлмаган Ўзбекистон фуқаролари бир жамоа таркибида (3–8 киши) қатнашади.

Махсус йўналишда Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки резиденти бўлган ташкилотларда ишлаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам (3–5 киши) иштирок этиши мумкин.

Танлов ғолиблари қуйидаги тартибда аниқланади:

-асосий йўналишлар бўйича – жамоатчилик томонидан махсус порталда овоз бериш орқали;

-махсус йўналиш бўйича – ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар томонидан.

Танлов ғолиблари қуйидагича тақдирланади:

5 та асосий йўналиш бўйича:

1-ўрин учун – 100 минг АҚШ доллари;

2-ўрин учун – 50 минг АҚШ доллари;

3-ўрин учун – 30 минг АҚШ доллари;

Махсус йўналиш бўйича (битта) – 100 минг АҚШ доллари.

Танловга аризаларни қабул қилиш, иштирокчиларни рўйхатдан ўтказиш, танловни ёритиш ва танлов ўтказилиши билан боғлиқ бошқа тадбирлар махсус портал орқали IT-парк дирекцияси томонидан амалга оширилади.