ЖАМИЯТ

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ ДУШАНБЕ ШАҲРИДА БЎЛИБ ЎТАДИГАН МАРКАЗИЙ ОСИЁ ДАВЛАТЛАРИ РАҲБАРЛАРИНИНГ МАСЛАҲАТ УЧРАШУВИ ВА ОРОЛНИ ҚУТҚАРИШ ХАЛҚАРО ЖАМҒАРМАСИ С


14.09.2023   422

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 14-15 сентябрь кунлари Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви ва Оролни қутқариш халқаро жамғармаси (ОҚХЖ) саммитида иштирок этади.

Тожикистон пойтахтида бўлиб ўтадиган учрашувлар кун тартибига сиёсий ҳамкорликни кучайтириш, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, гуманитар алоқаларни чуқурлаштириш, минтақавий ва экологик хавфсизликка таҳдидларга биргаликда жавоб бериш мақсадида ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари, долзарб минтақавий ҳамда халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашиш кўзда тутилган.

«Ўзбекистон бугунги кунда ўзининг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига устувор аҳамият қаратмоқда, - деди Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 2017 йил 20 сентябрда бўлиб ўтган 72-сессиядаги нутқида. - Бу – ҳар томонлама чуқур ўйлаб танланган йўлдир. Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон ушбу минтақа барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничилик ҳудудига айланишидан бевосита манфаатдордир. Тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққий этган Марказий Осиё – биз интиладиган энг муҳим мақсад ва асосий вазифадир».

Минтақавий муаммоларни конструктив ҳал этиш ва умумий фаровонлик маконини яратиш бўйича кўп томонлама мулоқотни йўлга қўйиш бўйича Ўзбекистон томонидан амалга оширилган ва қўшни давлатлар томонидан қўллаб-қувватланган саъй-ҳаракатлар бугун бизга юқори даражадаги консолидацияга эришиш ва йиллар давомида сувдан фойдаланиш, чегаралар ва савдо каби стратегик муҳим соҳаларда тўпланиб қолган кўплаб муаммоларни ҳал қилиш имконини берди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган маслаҳат учрашувлари механизми Марказий Осиё давлатларининг умумий муаммоларини ишончли ва конструктив муҳокама қилиш ҳамда келишилган ҳолда ҳал этиш учун самарали платформа ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг мамлакатларимиздаги қардош халқларнинг туб манфаатларига жавоб берадиган ташаббуслари минтақанинг барча давлатларида ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Ушбу учрашувлар халқаро сиёсатнинг муҳим омилига айланди, бу геосиёсий нотинчлик ва жаҳон иқтисодиётининг беқарорлиги шароитида Марказий Осиёнинг кейинги ривожланиш векторини аниқлаш имконини беради. Улар минтақа давлатларининг ҳамжиҳатлигини намойиш этади, шунингдек, янги таҳдидларга биргаликда қарши туришга интилиш умумийлигидан далолат беради.

Ўтган йиллар давомида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртта Маслаҳат учрашувлари бўлиб ўтди: 2018 йилда Қозоғистон пойтахтида, 2019 йилда Тошкентда, 2021 йилда Туркманистоннинг «Аваза» сайёҳлик ҳудудида ва 2022 йилда Қирғизистонинг Чўлпонота шаҳрида.

2018 йилда Қозоғистонда ўтказилган биринчи Маслаҳат учрашувидан буён давлатлараро сиёсий мулоқот сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиб, муносабатларни чинакам яхши қўшничилик ва иттифоқчилик руҳида жадал ривожлантиришга замин яратди. Тарихан қисқа вақт ичида Марказий Осиё жадал ривожланиб бораётган савдо, сармоявий, транспорт-коммуникация салоҳиятига эга ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг ягона маконига айланди. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида минтақалараро товар айирбошлаш ҳажмини сезиларли даражада оширишга эришилди.

2017-2022 йилларда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми қарийб 2,7 бараварга ўсиб, 2,7 миллиард доллардан 7,5 миллиард долларга ошди. Бу умумий ташқи савдо ҳажмининг 15 фоизи демакдир. Биргина 2022 йилнинг ўзида Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан ташқи савдоси ҳажми 17,2 фоизга ошган.

Саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга ошириш бошланди, қўшма сармоявий компания ва жамғармалар ташкил этилмоқда, транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда, трансчегаравий савдо ва ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик ривожланмоқда.

Маданий-гуманитар ҳамкорлик, «халқ дипломатияси», парламентлараро алоқалар сезиларли даражада жадаллашди, бунинг натижасида халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик алоқалари янада мустаҳкамланиб, жаҳон ҳамжамиятининг Марказий Осиё мамлакатлари билан шериклик муносабатларига қизиқиши тобора ортиб бормоқда.

Бунинг ёрқин тасдиғи шу кунларда Душанбе шаҳрида бўлиб ўтаётган минтақавий тадбирлар – Марказий Осиё товар ишлаб чиқарувчилари кўргазмаси, Иқтисодий форум, Минтақа давлатлари олий ўқув юртлари ректорларининг иккинчи форуми, Марказий Осиё давлатлари транспорт вазирларининг биринчи учрашуви, Марказий Осиёда етакчи аёллар мулоқоти аъзоларининг минтақавий йиғилиши, Рассомлар кўргазмаси, Олимлар форуми, Миллий таомлар фестивали, Ёшлар форуми ва бошқаларни қайд этиш керак.

Минтақанинг умумий муаммоси – Орол денгизининг қуриши ва унинг оқибатлари бўлиб қолмоқда. 1993 йилда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг сиёсий иродаси натижасида ташкил этилган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва унинг ташкилотлари мамлакатларимиз ўртасидаги музокаралар жараёни, трансчегаравий сув ресурсларини комплекс бошқариш, улардан фойдаланиш ва сақлаш бўйича икки томонлама ва кўп томонлама шартномалар ишлаб чиқиш ва қабул қилиш учун ажралмас сиёсий платформага айланди.

Консолидацияланган ёндашув ва биргаликдаги амалий ҳаракатлар жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини ушбу муаммога қаратиш имконини берди. Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ шафелигида ташкил этилган Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосидаги траст фонди, БМТ Бош Ассамблеясининг «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» ва «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш» махсус резолюциялари қабул қилиниши ана шу қадамларнинг натижаси бўлди.

Бугунги кунда минтақа давлатлари Орол денгизи ҳавзасидаги мавжуд ижтимоий-иқтисодий ва экологик муаммолар шароитидан чиқиш йўлларини биргаликда изламоқда. Минтақадаги барча давлатлар билан икки томонлама сув комиссиялари тузилиб, трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича уч томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик йўлга қўйилди. Оролни қутқариш халқаро жамғармасини ислоҳ қилиш жараёни давом этмоқда.

ОҚХЖ ташкил этилганидан буён таъсисчи давлатлар узоқ йўлни босиб ўтди. Жамғарманинг маҳаллий бўлимлари тўртта асосий йўналиш – сув ресурслари, энергетика, экология ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш бўйича изчил иш олиб бормоқда. Лойиҳалар Орол денгизи ҳавзасидаги мамлакатларга ёрдам кўрсатиш бўйича 3 та ҳаракат дастури доирасида амалга оширилди. Ҳозирги вақтда уларни амалга оширишнинг 4 доираси давом этмоқда.

Марказий Осиёда иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари тобора кучайиб бораётгани фонида ОҚХЖнинг роли янада кучаймоқда. Жамғармага минтақадаги энг нозик муаммолардан бири – озиқ-овқат хавфсизлиги ва умуман, инсон ҳаётининг кафолати бўлган сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласини ҳал этишда катта умид боғланган.

Реал воқеалар, экологик ва ижтимоий-иқтисодий характердаги янги таҳдидларга ва талаблардан келиб чиқиб, жамғарма таъсисчиларининг қарори билан ОҚХЖнинг ташкилий тузилмаси ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш жараёнини бошлаш масаласи анчадан буён кун тартибига қўйилиб келинмоқда.

Ушбу ташаббусни амалга ошириш учун Оролни қутқариш халқаро жамғармаси кенгашининг 2018 йил 30 январдаги қарори билан тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари орасидан ОҚХЖнинг ташкилий тузилмаси ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича Минтақавий ишчи гуруҳ (МИГ) ташкил этилди. Унда таъсисчи давлатлар ва Жамғарманинг таркибий бўлинмалари, ОҚХЖ Марказий Осиё мамлакатлари мутахассислари ва халқаро маслаҳатчилар ҳам жалб этилди. Бугунги кунга қадар МИГнинг 10 та йиғилиши ўтказилди.

Таъкидлаш жоизки, кўп томонлама мулоқот формати – Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари ОҚХЖ доирасидаги ўзаро ҳамкорликни фаоллаштиришда муҳим омил бўлди. Шу боис давлат раҳбарларининг навбатдаги бешинчи Маслаҳат учрашуви ОҚХЖ саммити билан уйғунлашгани рамзий маънога эга. Бу минтақа давлатлари раҳбарларининг экологик муаммоларга, шу жумладан, Орол денгизи инқирозининг оқибатларини бартараф этишга қанчалик катта эътибор қаратаётганини яна бир бор намойиш этади.

ОҚХЖ саммити якунлари жамғарма таъсисчилари бўлган давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг мутлақо янги йўналишини барпо этиш, ташкилот фаолиятини такомиллаштириш учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратиш имконини бериши кутилмоқда.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Душанбеда бўлиб ўтадиган муҳим саммитлар минтақада ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида яхши қўшничилик ва стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, минтақа халқларининг фаровон ва осойишта ҳаётини таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Манба