Хорижда

ЎЗБЕКИСТОН МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ ЎТТИЗ ИККИ ЙИЛЛИГИ ДУШАНБЕДА ҲАМ НИШОНЛАНДИ


05.09.2023   366

Тожикистон пойтахтида 1 сентябрь куни Ўзбекистон мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган расмий қабул маросими ўтказилди,

Тадбирда Тожикистон Бош вазирининг ўринбосари Сулаймон Ризои Зиёзода, Саноат ва янги технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари Исожон Ятим Қурбонзода, Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Содиқ Имомий ва Маданият вазирининг ўринбосари Манучеҳр Шарифзода иштирок этди.

Қабул маросими иштирокчилари орасида Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги бошқармалари, вазирлик ва идоралари раҳбарлари, Душанбеда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари, экспертлар, етакчи ОАВ бош муҳаррирлари ва мухбирлари ҳам бор эди.

Ўзбекистон элчиси Эргаш Шоисматов икки давлат мадҳиялари ижро этилгач, меҳмонларга қутлов нутқи билан мурожаат қилди.

Тадбир давомида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи ҳамда мамлакатимиз тарихий шаҳарларининг диққатга сазовор жойларига бағишланган видеофильмлар намойиш этилди.

Қабул маросимининг мусиқий қисмида Тожикистон Давлат оркестрининг солистлари ўз концерт дастурини тақдим этишди. Сурхондарё вилояти ҳунармандлар уюшмаси вакиллари томонидан Ўзбекистон миллий маҳсулотлари кўргазмасини ташкил этилди. Шунингдек, меҳмонларга Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини очиб берувчи материаллар намойиш этилди.

Расмий қабул маросими байрамона руҳда ўтди. Меҳмонлар Ўзбекистоннинг анъанавий меҳмондўстлигини урғулашди. Барча иштирокчилар Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталари янада мустаҳкамланиб, ривожланиб бораверади, деган фикрни билдиришди.