ЖАМИЯТ

ЎЗБЕКИСТОН КУТУБХОНАЧИЛАР АССОЦИАЦИЯСИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ


26.05.2022   685

Андижонда “Central Asia: фан, таълим маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” XV Халқаро конференцияси давом этмоқда, - дея хабар бермоқда uza.uz.

Мамлакатимизда фан, таълим, маданият ва бизнес соҳаларида электрон ахборот ресурсларини ривожлантириш ва қўллашда ахборот-кутубхона муассасалари, ўқув юртлари, архивлар, музей ва бошқа ташкилотларнинг ҳамкорликдаги фаолиятини кенгайтириш, кутубхона ишини янада юқори босқичга кўтариш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, интернет ва электрон маълумотлар базалари имкониятларини кенгайтириш мақсадида ўн бешинчи бор ўтказилаётган халқаро анжуманда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда республикамизнинг барча вилоятлари ахборот-кутубхона марказлари раҳбарлари, умуман, соҳанинг 400 нафардан ортиқ мутахассислари, шунингдек, ўнга яқин хорижий мамлакатлардан 30 нафар эксперт иштирок этмоқда.

Маълумки кейинги йилларда мамлакатимизда ахборот-кутубхона соҳаси ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Президентимиз, ҳукуматимиз томонидан ахборот-кутубхона фаолияти бўйича қабул қилинган қарорлар ва бошқа меъёрий ҳужжатларда аҳолининг барча қатламини кутубхона хизмати билан қамраб олиш, шунингдек, олис ҳудудларда яшовчи аҳоли учун кўчма кутубхоналар ташкил этиш, ҳужжатларни электрон етказиб бериш, ахборот-кутубхона ресурсларидан масофадан фойдаланишни ривожлантириш, адабиётларнинг электрон нусхаларини шакллантириш, якка, гуруҳлар ўртасида ҳамда оммавий китобхонлик тизимини такомиллаштириш, аҳолининг китобхонлик ва мутолаа маданиятини юксалтириш, ахборот-кутубхона муассасалари ва соҳа мутахассислари нуфузини ошириш масалалари ўрин олган.

Айни кунда замонавий ахборот коммуникация технологиялари билан жиҳозланган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси тасарруфида 14 та вилоят, 186 та туман, шаҳар ахборот-кутубхона марказлари фаолият олиб бормоқда. Бундан ташқари, турли вазирлик ва идоралар тизимида қарийб 90 миллион нусхага яқин китоб фондига эга 14 мингдан зиёд ахборот-кутубхона муассасалари мавжуд. Умуман, мазкур йўналишда 25 минг нафарга яқин кутубхоначи мутахассислар китобхонларга хизмат кўрсатиб келади.

– Эксперт ва мутахассисларнинг маърузаларидан фаолиятимизга оид жуда кўп нарсаларни ўргандик, – дейди З.М.Бобур номли Андижон вилояти ахборот-кутубхона маркази илмий методика хизмати раҳбари Замирахон Шахобиддинова. – Айниқса, илмий-методик хизматни ташкил этиш бўйича хорижий тажрибалар, илғор иш услублари ҳақидаги маълумотлар бизда катта қизиқиш уйғотди.

Маърузалар юзасидан савол-жавоблар бўлди, иштирокчилар томонидан мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш бўйича таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Куннинг иккинчи ярмида Назарбоев университети кутубхонаси бош эксперти Петр Лапонинг “Университет кутубхонаси мутахассисларининг жорий компетенциялари ва уларни шакллантириш”, Россиянинг “ID LOGIC” жамияти бош директори Сергей Никулиннинг “”Келажак тасвири: Ўзбекистон Республикаси маданий ресурсларини рақамлаштириш”, Қирғизистон Республикаси Кутубхоналар жамоат бирлашмаси президенти Нурила Давлетярованинг “Ҳозирги Марказий Осиё республикалари ҳудудида оммавий кутубхоналар пайдо бўлишининг тарихий жиҳатлари”, Ўзбекистон Гёте институти ахборот-кутубхона бўлими бошлиғи Гавҳар Зокированинг “Замонавий кутубхона тушунчаси”, Россия Давлат кутубхонаси бош кутубхоначиси Данил Огневнинг “”Россия кутубхона фондидаги Ўзбекистон фонди”, “EBSKO information services” компанияси минтақавий вакили Александр Ритовнинг “Ўзбекистон университетларида электрон ресурсларни самарали бошқаришда EBSKO дастурий ечимлари” мавзусидаги маърузалари тингланди.

– Ўзбекистон университетлари ахборот-ресурс марказларида электрон ресурсларни самарали бошқариш бўйича EBSKO дастурини жорий этиш таклиф этилаётганлиги ишимизни янада енгиллаштиради, – дейди Бухоро давлат тиббиёт институти ахборот-ресурс маркази директори Дилшода Алиева. – Фаолиятимизга илғор, инновацион иш услубларини жорий этиш ишимизнинг унуми ва самарадорлигини оширади, энг асосийси, кутубхонадан фойдаланувчиларга қатор қулайликлар яратиш билан бирга, уларнинг сафини кенгайтиради.

Халқаро конференциянинг биринчи иш куни якунида Ўзбекистон кутубхоналар ассоциациясининг таъсис йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда ассоциацияни ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш бўйича тегишли ҳужжатлар тасдиқланди.