АТРОФГА НАЗАР

ЎЗБЕК ҚЎШИҚЧИЛИК САНЪАТИ ЯНА БИР НАМОЯНДАСИДАН АЖРАЛДИ


05.09.2023   435

Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шерали Жўраев, 4 сентябрь куни 77 ёшида вафот этди.

Ҳофиз, созанда, шоир, бастакор Шерали Жўраев 1947 йилнинг 12 апрелида Андижон вилоятининг Асака туманида туғилган. У Тошкент театр ва рассомчилик институтини, сўнгра Маннон Уйғур номидаги Тошкент давлат санъат институтини тугатган. Ўзбек давлат эстрадаси (1972–1973), “Шодлик” ашула ва рақс ансамбли (1972–1979), Андижон вилояти филармонияси (1979–1986), Ўзбек давлат филармонияси (1986–1996), “Ўзбекнаво” бирлашмасида (1999 йилдан) яккахон хонанда бўлган. 1987 йил Ўзбекистон халқ артисти унвонини олган. 2018 йилда Шерали Жўраевга Тожикистон халқ артисти унвони берилади.

Шерали Жўраевга 1991 йилда Навоий номидаги давлат мукофоти, 2018 йилда “Фидокорона хизматлари учун” ордени берилган.

2022 йилнинг 12 апрелида Президент фармонига биноан ўзининг 75 йиллик юбилейида Шерали Жўраев “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан ҳам тақдирланган эди.

Унинг қўшиқлари халқ орасида яхши танилган. Бугунги кунгача ижро этган қўшиқлари сони 600 дан ошади. Аксар қўшиқларининг куйини ўзи басталаган. Улар орасида “Биринчи муҳаббатим”, “Ўзбегим”, “Карвон”, “Аччиқ ҳақиқат”, “Яралган”, “Ошиқлар сардори”, “Инсон қасидаси”, “Ошиқ бўлинг” ва бошқалар бор. Айрим қўшиқларининг шеълари муаллифи ҳам ўзи. Улар орасида “Бобо Деҳқон”, “Замон”, “Қарашларга”, “Она Туркистон”, “Соҳибқирон”, “Қаён кетмоқдасиз?” қўшиқлари бор.

Auz.uz online гуруҳи Шерали Жўраевнинг оиласи, яқинлари ва мухлисларига чуқур ҳамдардлик билдиради.