ЖАМИЯТ

ТУРКИЯНИНГ ҲАЛОКАТЛИ ЗИЛЗИЛА ОҚИБАТИДА ВАЙРОН БЎЛГАН ВИЛОЯТЛАРИДАН ЎЗБЕКИСТОН ФУҚАРОЛАРИНИ ЭВАКУАЦИЯ ҚИЛИШ ДАВОМ ЭТМОҚДА


17.02.2023   523

Яна 4 нафар Ўзбекистон фуқароси Истанбулдан Тошкентга эвакуация қилинди.

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консуллигининг расмий телеграм канали орқали тарқатилган маълумотга кўра, зилзила оқибатида Туркиянинг Қаҳрамонмараш вилоятида бўлган фуқароларимиз Истанбулга эвакуация қилинган.

Мамлакатимизнинг Истанбулдаги дипломатия миссияси ва «Uzbekistan airways» АЖ вакиллари кўмагида Ватанга қайтиш учун ҳужжатлар расмийлаштирилиб, авиачипталар харид қилинди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Туркияда зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 35,4 минг кишидан ошди.

Эслатиб ўтамиз, 10 февралдан буён Туркиянинг зилзиладан энг кўп жабр кўрган Ҳатай вилоятида Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг ҳарбий дала госпитали фаолият кўрсатмоқда. У ерда ҳарбий шифокорлар ва ошпазлар ёрдамга муҳтож бўлганларнинг барчасига тиббий кўмак кўрсатишмоқда ҳамда таом тарқатишаётир.