ЖАМИЯТ

ТАЛАБАЛИК СИЗГА НИМА БЕРДИ?


17.11.2021   2113

Ушбу кун ёшлик, хушчақчақлик байрами деб эътироф этилади. Ҳақиқатан талабалик олтин давр. Ким учундир янги ҳаёт дебочаси, яна кимгадир имкониятлар эшиги... Айниқса, бугунги талаба-ёшлар учун яратилаётган шарт-шароитлар, ўз навбатида ғайрат-шижоатларини кўриб ҳавасингиз келади. Улар ўртасида сўровнома ўтказдик. “Талабалик сизга нима берди?” саволи билан мурожаат қилдик.

КЕЛАЖАГИМНИ ТОПДИМ

Отабек Маҳкамов, Анижон давлат университети 4-босқич талабаси: Банк соҳасида ишлаш болалик орзуим. Талабалик менга ана ўша келажагимга пойдевор яратди. Ўқитувчиларимиз кўмагида соҳанинг назарий сир-асрорларини ўрганяпмиз. Яқинда Ипотека банк вилоят филиали ходимлари иқтидорли талабалар билан суҳбат ўтказди. Мутахассислар танловидан муваффақиятли ўтдим. Шартнома асосида фаолиятни ҳам бирга олиб бориш ниятидаман.

КЎП МУВАФФАҚИЯТЛАРГА ЭРИШДИМ

Илёсмирзо Зиёев, Андижон тиббиёт институти 1-босқич магистри: 2019 йили Доғистонда ўтказилган халқаро олимпиададаги ғолиблигим талабалигимнинг илк ютуғи бўлди. Кейинчалик испаниянинг барселона шаҳридаги нуфузли танловда ҳам совриндор бўлдим. Шунингдек, қатор халқаро танловларда ҳам фаол иштирок этиб келяпман.

Ёшларни давлат органлари бошқаруви юзасидан рахбарлик салоҳиятини шакллантириш мақсадида туман ҳокимликлари, корхона, ташкилот, муассасаларининг бошқаруви синов тариқасида 10 кун муддатга ташаббускор, шижоатли йигит-қизларга топширилди. Айни жараёнда мен ҳам Жалақудуқ туманига бириктирилдим.

Пандемия шароитида аҳолининг тиббий маданиятини оширишга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган волонтёр гуруҳи аъзосиман. Жамоамиз билан одамлар гавжум жойларда тушунтириш ишларини олиб борамиз. Асосан уларнинг тез ёрдам келгунигача бўлган ҳолатда биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича кўникмаларини оширишга эътибор қаратамиз.

“Oxygenium” нодавлат таълим муассасасига қарашли “Rise up” ўқув марказига директорлик қиламан. Машғулотларимиз хорижий тилларга олиб борилади.

2022 йилда ўқишни Кореяда давом эттираман. Ҳаражатлар 100 фоиз давлатимиз томонидан молиялаштириб берилмоқда. Жорий йил “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирландим. Бу янада шижоат билан изланишга ундамоқда.

ЎЗИГА ХОС ҲАЁТ МАКТАБИ БЎЛЯПТИ

Феруза Маҳкамова, Андижон машинасозлик институти 3-босқич талабаси: Ўқитувчиларимизнинг бири отамиз, бири онамиз десам, янглишмайман. Кези келганда, дакки беришади, ютуқларимиздан қувониб хурсанд бўлишади. Талабаликдан мен нафақат танлаган йўналишим бўйича билим-кўникма оляпман. Балки ўзига хос ҳаёт ҳақиқатларини ҳам англаб етяпман. Озми-кўпми оқу қорани танидим. Дўстлик қанчалар эзгу ришта эканлигини англадим. Уйимдан олисда ота-она, яқинлар меҳри, қадри, уларнинг дуоси улуғлигини ҳис қилдим.

Яна кўплаб талабалар янги дўстлар орттирганидан, талабалик умр баҳорининг энг гўзал онларини туҳфа этаётганидан мамнун.

Ҳувайдо ХЎЖАМҚУЛОВА суҳбатлашди.