ЖАМИЯТ

ТАБИАТ МУВОЗАНАТНИ ЁҚТИРАДИ, УНГА ХИЁНАТ ҚИЛМАНГ!


20.03.2023   493

Ўтган йилги саратондаги жазирама ҳарорат, бу йил қиш чилласидаги аномал совуқ Она табиатга тўғри муносабатда бўлишимиз, курраи заминдаги табиий неъматларни асраб-авайлашимиз борасида барчани огоҳлантиргандай бўлди.

Атрофга боқиб сесканиб кетасиз. Бобою бувиларимиз симириб сув ичган ариқларга неки чиқинди бўлса улоқтиряпмиз, оқизяпмиз, хазонларни ёқиб, заводларни бурқситиб ҳавони ифлослантиряпмиз, турли кимёвий ўғитлар билан ернинг бағрини заҳарлаб бўлдик, катта-катта уммонлар юзи пластик чиқиндиларга, нефть оқизмаларига тўла... Санайверсангиз, шу ишларни онгли Инсон қилаяптими, деб ёқа ушлайсиз.

Вақтида кўзимизни очмасак, олам неъматларидан унумли фойдаланмасак, Табиатнинг ўчи ёмон бўлади.

Бугун мутахассислар яшил бойлик ‒ дарахтларни кўпайтириш ҳақида бонг ураяпти. Чунки олдинда инсониятни аномал иссиқ, қурғоқчилик ва бошқа офатлар кутмоқда. Барчасининг умумий ечими эса заминда яшил майдонларни кенгайтириш. Хўш, дунё давлатларининг бу борадаги тажрибаси қандай?

Германиянинг учдан икки қисмини ўрмонлар ташкил қилади. Дунёдаги энг зич ўрмонлар ҳам шу мамлакатда. Бироқ глобал исиш натижасидаги ёнғинлар, урбанизациянинг ортиши боис уларнинг катта қисми йўқ бўлиб кетяпти. Германияда дарахт экиш лойиҳаси ишлаб чиқилган. Унга кўра ҳисобланган карбонат ангидрид газининг ҳар бир тоннаси учун бир ниҳол экилиши шарт.

Францияликлар Европанинг энг сердарахт ҳудудида яшашидан фахрланади. Мамлакат 2026 йилгача 170 000 туп кўчат экишни белгилаб олган.

Сингапур гарчи ҳудуди нисбатан кичик бўлса ҳам 2030 йилга қадар 130 та стадионга тенг келадиган 130 гектардан ортиқ майдонга дарахт экишни мақсад қилган.

Буюк Британияда 2050 йилга қадар Лондоннинг тенг ярмини яшил ҳудудга айлантиришга бел боғланган. Уй томлари, деворлар ва бинолар оралиғи яшил ўсимликларга ажратилади.

Келгуси беш йилда "Яшил Малайзия" дастури асосида 100 миллион туп дарахт экилади.

Жанубий Корея экологияни “ёшартириш” ҳаракатида. Давлат ҳудудидаги ўрмонларда мавжуд 300 миллионгача бўлган қуриш арафасидаги дарахтлар кесилиб, ўрни 3 миллиардгача янги ниҳоллар билан тўлдирилади.

Мамлакатимизда ҳам Президентимиз ташаббуси билан қирғоқдан чекинган Орол денгизининг саҳроларига саксовуллар экиш, “Яшил макон” лойиҳасининг кенг миқёсда олиб борилиши теварак-атроф мусаффолигини сақлаш йўлидаги дадил қадамлардир.

Давлатимиз раҳбарининг 30.12.2021 йилдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчатхоналарни кўпайтириш, ҳудудлар иқлимига мос хорижий манзарали дарахтларни маҳаллийлаштириш; "яшил боғлар" ва "яшил жамоат парклари"ни барпо этиш; дарахтларни суғориш тизимини қайта кўриб чиқиш, унинг самарали фаолиятини таъминлаш; дарахтларни шикастлантириш ва нобуд қилганлик учун жавобгарликни кучайтириш, мазкур йўналишда жамоатчилик назоратини янада ошириш каби қатор ишлар йўлга қўйилди.

Бу хайрли ҳаракат орқали юртимизда 79 миллион донадан ортиқ 107 турдаги дарахт кўчатларини ўтқазиш ва парваришлаш мақсад қилинган.

Мулоҳазаларимиз сўнггида хассос шоиримиз Эркин Воҳидовнинг “Инсон қасидаси” дан ушбу сатрларни келтиришни ўринли топдик:

Oнaизoринг — зaмин, тaнҳo йўғ-у бoринг — зaмин,

Хaстa бемoринг — зaмин, ўғлoн ўзинг, дaрмoн ўзинг.

Бaғридa ётқучи — сен, неъмaтлaрин тoтқучи — сен,

Тиғ бўлиб бoтқучи — сен, пaйкoн ўзинг, қaлқoн ўзинг.

Гулжаҳон ЖАББОРОВА.