ЖАМИЯТ

СУЮЛТИРИЛГАН ГАЗ ЕТКАЗИБ БЕРИШДА КОРРУПЦИОН ҲОЛАТЛАРГА ЙЎЛ ҚЎЙМАСЛИК МАВЗУСИДА ДАВРА СУҲБАТИ ЎТКАЗИЛДИ


15.04.2023   252

Ҳар қандай жамият, ташкилот ёки корхонанинг халқ орасидаги обрўси ва баҳоси унинг ходимлари қилаётган ҳатти-ҳаракатларга қараб баҳоланиши бор гап. Айниқса, ходимларнинг муомала маданияти ҳамда ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда ўз манфаатларини кўзлаб, моддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда иш юритиши ҳар қандай корхонанинг обрўси тўкилишига олиб келади. Бу эса ўз навбатида, халқ орасида ишончсизлик ва нафрат туғдириши, табиийдир.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиалида “Моддий ресурлардан оқилона фойдаланиш ва коррупцияга қарши кураш сиёсатини амалга ошириш” бўлими томонидан “Суюлтирилган газ етказиб беришда коррупцион ҳолатларга йўл қўймаслик ва уни бартараф этиш йўллари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Филиалнинг барча шаҳар-туман газ таъминоти бўлимларидан аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш хизмати бўлим бошлиқлари иштирок этдилар.

“Аҳолига суюлтирилган газ етказиб беришда юқорида таклиф этилганлар бевосита аҳоли билан ишловчи ходимлар ҳисобланади. Чилангарлар, ҳайдовчи-таъминотчилар ҳамиша ҳалқ орасида. Ҳар куни турли таклифлар ёки бошқа масаладаги илтимослар чиқиб қолиши мумкин. Шу сабабдан ҳам уларда коррупцион ҳолатларга дуч келиш хавфи кучлироқ, - дейди “Моддий ресурлардан оқилона фойдаланиш ва коррупцияга қарши кураш сиёсатини амалга ошириш” бўлими мутахассисс Хасанбой Ризаев. – Барча ходимларимизга қайта-қайта уқтирмоқдамизки, мана шундай ҳолатларга дуч келса, дарров хабардор этишсин. Чунки пора олганда қўлга тушса, нафақат ўзига жабр қилади. Балки уни орқасида бутун бошли оиласи, қолаверса ҳамкасблари жабр кўради...”

Суҳбат давомида маърузачилар томонидан раҳбарият ва унинг таркибий бўлинмаларида коррупцияни олдини олиш, ҳуқуқбузарликни ўз вақтида аниқлаш, профилактик тадбирларни ўтказиш, коррупция ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррар эканлиги йиғилиш қатнашчиларига тушунтирилди. Шунингдек, коррупцияга элтувчи ҳолатлар ҳақида аниқ мисоллар асосида маълумот берилди.