ҲУҚУҚ

СУД ҚАРОРЛАРИНИ ТАФТИШ БОСҚИЧИДА КЎРИШ АМАЛИЁТГА ТАТБИҚ ЭТИЛМОҚДА


29.12.2023   2726

Жорий йилнинг 25 декабрь куни давлат раҳбари томонидан имзоланган “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун билан 2024 йилнинг 1 январидан бошлаб суд қарорларини қайта кўриш борасида бир қатор янгиликлар амалиётга татбиқ этилмоқда.

Хўш, мазкур ўзгартиришлар билан боғлиқ энг муҳим жиҳатлар нималардан иборат?

Жумладан, маъмурий ишлар бўйича суд қарорларини қайта кўриш босқичларига тафтиш инстанцияси киритилди.

Шунингдек, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишлар вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан апелляцияёки кассация тартибида кўрилган ишлар Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида қайта кўрилиши белгиланди.

Қонун билан апелляция шикояти бериш муддатлари ҳам ўзгармоқда. Яъни эндиликда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарор устидан апелляция шикоятини бериш муддати 20 кундан 10 кунга қисқартирилди.

Шунингдек, апелляция шикояти тартибида келиб тушган материаллар апелляция инстанцияси суди томонидан 15 суткадан кечикмаган ҳолда кўриб чиқилиши лозим.

Маъмурий қамоққа олиш ёки маъмурий тартибда чиқариб юбориш тўғрисидаги қарор устидан берилган апелляция шикоятлари эса 1 сутка ичида кўрилади.

Хулоса ўрнида айтганда, ушбу қонун суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш механизмини янада такомиллаштиришга, фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, уларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликлари, шунингдек қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш орқали одил судловга эришиш даражасини оширишга хизмат қилади.

Умиджон Солиев,

Андижон вилояти суди судьяси