ЖАМИЯТ

ШИФОКОР ҲАҚИДА БАЛЛАДА


13.11.2021   1240

Барча шифокорларга бағишлайман

Сизга бугун недир сўз дегим келди,

Фақат унда гина, кудратим йўқдир...

Кўнгилнинг тубида асраган эрка

Тилакларим бари сизники, дўхтир!

Сиз менинг акамсиз, қадрдон, қардош,

Бегона эмасмиз, дўстмиз, жондошмиз;

Ахир, томиримда оқаётган қон

Туфайлими бизлар яна қондошмиз!

Сиз менинг соғлиғим посбони мисол,

Ҳар битта дардимни олмоққа шайсиз;

Эртами, кечда ё тунда ҳам сергак

Постдаги аскарга яққол ўхшайсиз!

Шеър айлансин сиздан, ҳазрати доктор,

Сизга достон битсам камдир аслида;

Зотан, кўнглингиздан кечган эзгулик

Шифодир одамга бемор фаслида...

Ҳар битта хастага бор меҳрин бериб,

Оёққа турғизган сизмасми, дўстим?!.

Вужудимиз ҳар бир ҳужайрасига

Ташхис қўя олган сизмасми, дўстим!?.

Сиз – ўша – қалбингиз қўри-ла алқаб,

Ҳар битта беморнинг кўнглини олган;

Сиз – ўша – Гиппократ қасамин оқлаб,

Ҳар битта беморнинг кўнглида қолган!

Сизни бошимизда кўтарсак арзир,

Сизга ҳурматимиз баланд ва азим;

Менинг тимсолимда, ишонинг, бугун

Ўзбекистон сизга қиляпти таъзим!

Нажмиддин ИКРОМИЙ.

13.11.2021.