Хорижда

САУДИЯ АРАБИСТОНИДА ИККИ АСКАР ҚАТЛ ЭТИЛДИ


15.09.2023   474

Қироллик ҳукумати икки ҳарбий хизматчини ватанга хиёнатда айблаб қатл қилган. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги баёнот тарқатган.

Ҳужжатга кўра, Саудия Арабистони ҳаво кучлари подполковниги Мажед бин Муса Авад ал-Балавий ва штаб-сержант Юсуф бин Рида Ҳасан ал-Азуний 2017 йилда ҳибсга олиниб, ўлим жазосига ҳукм қилинган. Суд ҳар икки ҳарбий хизматчи ҳам давлатга хиёнат қилиш, буйруқни бажармаслик ва “миллат манфаатларини ҳимоя қилишдан бош тортиш”да айбдор деган хулосага келган.

Айбланувчилар суд жараёнида айбларини тан олди, дейилади баёнотда. Қироллик фармонига мувофиқ, ҳукм кеча Саудия Арабистони жануби-ғарбидаги Тоиф шаҳрида ўтказилган.

Саудия Арабистони томонидан эълон қилинган, хусусан, мўътадил исломга қайтиш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кенгайтиришни назарда тутувчи либерал ислоҳотларга қарамай, қиролликда ўлим жазоси мунтазам равишда қўлланилади. Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, Саудия ҳукумати жорий йилда камида 100 кишини қатл қилган. Қиролликда қатллар сони кўпаймоқда. Мамлакат ўлим ҳукми бўйича дунёда Хитой ва Эрондан кейин учинчи ўринни эгаллади.