Андижон 24

АНДИЖОНДА ТАРМОҚЛАРАРО ҲУДУДИЙ САНОАТ ЯРМАРКАСИ БЎЛИБ ЎТМОҚДА


12.07.2023   407

Андижон шаҳридаги Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида тармоқлараро ҳудудий саноат ярмаркаси бўлиб ўтмоқда.

Президентимизнинг 2023 йил 27 февралдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” ги фармони ҳамда 2019 йил 2 майдаги "Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, маҳаллий ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш мақсадида ташкил этилган саноат ярмаркасида автомобилсозлик, электротехника, тўқимачилик, чарм-пойабзал, мебелсозлик, фармацевтика, кимё саноати, қурилиш материаллари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган 257 ҳудудий саноат корхонаси ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.

Ярмарка очилишида сўз олган Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Ҳамраев ва бошқалар томонидан кейинги йилларда мамлакатимизда ҳудудий корхоналарнинг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини кўтариш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ҳудудий корхоналар ўртасида саноат кооперациясини ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, ўтказилаётган саноат ярмаркаси эса ана шу корхоналар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга, уларнинг маҳсулотларини тарғиб этишга кўмаклашиши таъкидланди.

Ярмаркада Андижон вилоятидаги дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарувчи кўплаб корхоналар иштирок этди. Хусусан, дори-дармонлар ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарувчи “Makro Farm Andijon”, “Zamin Bio Health”, "GRAND PHARM TEX", “MALIKA LABORATORIES", "ЭПОЧ ФАРМА", “Gold Crown Pharm”, “Epoch Parm” масъулияти чекланган жамиятлари, “MAKON MIRZO" хусусий корхонаси сингари ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларига қизиқиш катта бўлди.


Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Андижон вилоятида 37 фармацевтика йўналишидаги корхона фаолият кўрсатмоқда. Ушбу корхоналар томонидан 2022 йил давомида 215 турдаги 272 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, шундан 520 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

Шунингдек, ярмаркада автомобиль саноати соҳасидаги ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳам иштирок этиб, ўз маҳсулотларини намойиш этди.

– Корхонамизда автомобиллар учун 150 дан ортиқ турдаги пластмасса ва резина бутловчи қисмлар тайёрланади, – дейди “Uz-Metertech Co” корхонаси раҳбари Ғайратбек Акбаров. – Сифатли, барча халқаро стандартларга жавоб берувчи маҳсулотларимиз асосан, “УзАвто Моторс” акциядорлик жамияти корхоналарида ишлаб чиқарилаётган автомобиллар учун етказиб берилади. Ўтказилаётган саноат ярмаркаси нафақат корхонамиз, балки кўплаб ишлаб чиқарувчиларга янги-янги ҳамкорлар топиш, янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ёки ишлаб чиқариш ҳажмини янада кенгайтириш имконини беради.

Айтиш керакки, автомобилсозлик саноатида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Шаҳрихон туманидаги “SDK Group And” масъулияти чекланган жамияти ана шундай корхоналар сирасига киради.
– Корхонамизда автомобиллар, тракторлар ва саноат ускуналари учун 180 дан зиёд турдаги мой, ҳаво ва ёқилғи фильтрлари ишлаб чиқарилади, – дейди корхона бош директори Абдурашид Юнусов. – Сифат жиҳатдан халқаро андозаларга тўла мос келувчи маҳсулотларимиз нафақат республикамизда сотилмоқда, балки Қозоғистон, Туркманистон, Россия, Белорусь сингари қатор давлатларга ҳам экспорт қилинмоқда.

Ярмаркада "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси таркибига кирувчи корхоналар ҳам ўз маҳсулотларини намойиш этди.

– Ярмаркада уюшма таркибига кирган “Андижонкабель” АЖ, “Технопарк”, “Аrtelgroup” корхоналари, “Boiler Ingenering Compani” МЧЖ, «ARTIKUL AZIYA KABEL» қўшма корхонаси сингари кўплаб ишлаб чиқарувчи корхоналаримиз маҳсулотлари намойиш этилди, – дейди "Ўзэлтехсаноат" уюшмасининг Маҳаллийлаштириш, кооперацияни кенгайтириш ва импортни оптималлаштириш бўлими бошлиғи Комилжон Ғофуров. – Ушбу корхоналаримиз томонидан илғор ва инновацион технологиялар асосида ишлаб чиқарилаётган кабеллар, маиший техника воситалари, қуёш панеллари, саноат қозонлари ва бошқа маҳсулотлар нафақат ички бозорда, балки хориж бозорларида ҳам харидоргир маҳсулотлар қаторидан ўрин олган. Ярмарка ана шу маҳсулотлар, уларнинг афзалликларини кенг жамоатчиликка яна бир бор намойиш этиш имконини берди. Ишонаманки, ушбу маҳсулотларни харид қилишга қизиқувчилар сафи янада кенгаяди.

Ярмарка доирасида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг ахборот хизмати томонидан “Makro Farm Andijon” ҳамда “Zamin Bio Health” масъулияти чекланган жамиятлари корхоналари ҳамда “Andijon Fharma Park” илмий ва синов лабораториясига пресс-тур ташкил этилди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-турни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад, Андижон вилоятидаги фармацевтика корхоналари томонидан янги технологиялар асосида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни кенг жамоатчиликка таништириш, уларнинг фаолияти ҳақида тиббиёт муассасалари ҳамда тадбиркорларга батафсил маълумотлар бериш, – дейди Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Ахборот хизмати раҳбари Севара Тўлаганова. – Ушбу тадбир шубҳасиз, тармоқлараро ҳудудий саноат ярмаркаси иш самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

2019 йилга қадар инсулин дори воситаси юртимизга асосан четдан келтирилган. “Zamin Bio Health” корхонасининг ишга тушиши билан ушбу дори воситаси импорти ҳажми камайди, валюта тежалмоқда, қолаверса, дорининг таннархи пасайди. Умумий лойиҳа қиймати қарийб 28 миллиард сўм бўлган ушбу корхонага Германия, Франция, Швейцария, Хитой, Ҳиндистон давлатларидан замонавий ускуна ва технологиялар олиб келиб ўрнатилган. Бугунги кунга келиб, инсулин дори воситаси сифатли, халқаро стандартлар талаблари даражасида ишлаб чиқарилмоқда.

– Корхонамиз йилига уч хил турдаги 6 миллион флакон инсулин ишлаб чиқариш қувватига эга, – дейди “Zamin Bio Health” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Рустамжон Ҳайдаров. – Маҳсулотимиз ҳозирча ички бозорда сотилмоқда. Шу кунларда халқаро сифат сертификатини олиш ҳаракатидамиз. Ушбу сертификатни олганимиздан сўнг хорижга экспорт қилишни бошлаймиз. Ҳозирда қўшни Қирғизистон, Афғонистон ва бошқа қатор давлатлардан буюртмалар келмоқда. Айни кунда корхонада 80 нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда.

Шунингдек, пресс-тур иштирокчилари Андижон шаҳридаги “Макро Фарм Андижон” масъулияти чекланган жамияти ҳамда “Andijon Fharma Park” илмий ва синов лабораторияси фаолияти билан ҳам танишди.

Бугунги кунда “Макро Фарм Андижон” МЧЖ тасарруфидаги корхона томонидан йилига турли ҳажмдаги 180 миллион дона бир марталик шприцлар, 20 миллион дона бир марталик система ва бошқа фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Корхонада айни кунда юз нафардан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилмоқда.

Ярмаркада Қирғизистон Республикаси Жалолобод вилоятидан келган ҳунарманд ва тадбиркорлар ҳам ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.

Андижондаги тармоқлараро ҳудудий саноат ярмаркаси бугун ҳам ўз ишини давом эттиради.

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,
Зуҳриддин УМРЗОҚОВ (фото).