ЖАМИЯТ

РУҲИЯТДАН ЎЧМАЙДИГАН ДОҒ ЁКИ ОДАМ САВДОСИ БИЛАН БОҒЛИҚ БИР ЖИНОЯТ ОҚИБАТИ ХУСУСИДА


18.10.2022   1243

Андижонлик Мақсадхон Икромова (исм-шарифлари ўзгартирилди) яқинда ўзининг 26 баҳорини қарши олган, демакки, аллақачон оқ-у қорани таниб улгурган, ножўя хатти-ҳаракатларининг оқибатини жуда яхши англайдиган ёшда эди. Бироқ бели оғримай, қолаверса жирканч йўл билан топилган пуллар кўзларини шамғалат қилиб қўйди. Агар “Куни келиб жавобгарликка тортилиб кетсам, оилам, бир нафар фарзандим тақдири нима бўлади?” деган савол ўйлантирганида, ўзи ҳам балки пушаймон еб ўтирмас, унинг “қармоғи”га илинган ёш қизларнинг қисмати, онгу шуури ва руҳиятига эса бир умрлик ўчмас доғ бўлиб тамға ёпишмаган бўлармиди...

Гапнинг ўзанидан воқеликнинг моҳиятини илғаётган бўлсангиз керак. Ҳа, Мақсадхон одам савдосидек жирканч жиноятга қўл урди. Урганда ҳам, ҳали 18 ёшга тўлмаган икки қизни “ўлжа”га айлантирдики, уларни ўзининг танишларига бир мартагина эмас, такрор-такрор қўшиб бериб, бу ишни даромад манбаига айлантириб олганлигини ҳеч қандай важ билан оқлаб бўлмайди.

У бу қизлар билан қандай танишиб қолганди дерсиз? Кунларнинг бирида Андижон шаҳридаги “Караоке” залига борганди. Бу ерда юқорида айтилганидек икки қиз билан танишиб қолди. Қизлар оила аъзолари билан аразлашиб, жанжаллашиб, кўчага чиқиб кетишган экан. Мақсадхон уларга “Хоҳласангиз, менинг уйимда яшайверасизлар”, деб таклиф берди. Таклиф иккисига ҳам маъқул бўлди. Мақсадхон уларни хонадонига олиб келгач, алдаб-аврашга тушди. “Айтганларимга кўнсангиз, кам бўлмайсизлар. Ахир менга ҳам, сизларга ҳам пул керак-ку”, дея қабиҳ режасини уларнинг онгига сингдира бошлади.

Қисқаси, каттагина пул эвазига қизларни бир неча бор Андижон, Хонобод шаҳарларида, Қува туманида ўзи таниган-билган эркакларнинг қўйнига солиб қўйдики, бу ҳолатни айтишга на тил боради, тасвирлашга на сўз...

Ҳар қандай ҳаракатнинг интиҳоси бўлгани каби Мақсадхоннинг ими-жимида қўл урган бу ҳаракатларига ҳам ҳуқуқий баҳо бериладиган вақт келди. Ахир кўза кунда эмас, кунида синади, деган гап бежиз айтилмаган.

Суд томонидан М.Икромовага Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисмининг “а” банди билан мазкур кодекснинг 57-моддаси қўлланилиб, 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бу вақт, ўйлаймизки, унга қилмишларини обдон таҳлил этиш учун етиб ортади.

Улуғбек Каримов,

жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди раиси