Андижон 24

ПРЕЗИДЕНТ МАҲАЛЛИЙЛАШТИРИЛГАН МАҲСУЛОТЛАРНИ КЎЗДАН КЕЧИРДИ


15.02.2024   3077

Президент Шавкат Мирзиёев Андижон туманидаги “Андижон саноат хаби”даги корхоналар фаолияти билан танишди.

105 гектар майдонни эгаллаган ушбу саноат ҳудудида машинасозлик, электротехника, қурилиш материаллари каби тармоқлардаги 12 та лойиҳа жойлашган. Улардан бири – “Авто Спринг Компонентс” масъулияти чекланган жамияти. Умумий қиймати қарийб 60 миллион АҚШ доллари бўлган бу корхона йилига 18 минг тонна чўян деталлар ишлаб чиқариш қувватига эга.

Маълумки, қуйма деталлар саноатнинг асоси ҳисобланади. Уларни ишлаб чиқариш юксак малака ва технологиялар талаб этади. Хусусан, илгари мамлакатимизнинг автомобилсозлик ва машинасозлик тармоқларида бундай қисмлар импорти катта ўрин тутарди. Энди уларнинг маҳаллийлаштирилиши таннархни камайтириб, рақобатбардошликни оширади.

Корхонада Хитой ва Германия давлатлари технологиялари асосида чўян қисмлар тайёрлаш лойиҳаси бошланган. Металл қуюв қисми АҚШ, механик ишлов бериш қисми Хитой компаниялари томонидан лойиҳалаштирилган. Ўтган йили 4 турдаги қишлоқ хўжалиги техникаси учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилган.

Бу лойиҳанинг биринчи босқичи бўлиб, 140 та иш ўрни яратилган. Шу йил май ойида автомобиллар учун қуйма қисмлар тайёрланадиган иккинчи босқич ишга туширилади.

Бу ноёб корхона бир вақтнинг ўзида 12 тонна металл эритиш имкониятига эга. Яна бир самарали томони, хомашёлар Асака туманидаги автомобиль заводининг темир чиқиндиларидан олиниб, қайта ишланади.

Мажмуа тўлиқ қувватга чиққанда, йилига 27 миллион долларлик маҳсулотлар маҳаллийлаштирилади. Президентимизга маҳаллийлаштириладиган маҳсулотлар ҳақида ахборот берилди. Бунда таннархни камайтириш ва "яшил" технологияларни қўллашга катта эътибор қаратилади.

Жорий йилда умумий қиймати 156 миллион долларлик 10 та лойиҳа ишга туширилиб, 2 минг кишининг бандлиги таъминланади. 2025 йилда умумий қиймати 14 миллион долларлик 2 та лойиҳани амалга ошириб, яна 400 та иш ўрни яратиш режалаштирилган.

president.uz