Хорижда

ПОКИСТОНДА 8 МАЙДАН БОШЛАБ ИЗОЛЯЦИЯ РЕЖИМИ БЕКОР ҚИЛИНАДИ


07.05.2020   2751

Покистон ҳукумати 8 майдан бошлаб мамлакатда изоляция режимини бекор қилади. Бу ҳақда Покистон бош вазири Имрон Хон маълум қилди, дебёзмоқда«РИА Новости».

«Биз буни босқичма-босқич қиламиз, чунки кўплаб одамлар қийинчиликларга дуч келмоқда, биз бу режимни давом эттира олмаймиз», — деб маълум қилган мамлакат бош вазири Миллий мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғилишида.

Имрон Хоннинг маълум қилишича, ҳукумат мамлакатни узоқ вақт давомида ёпиқ ҳолда сақлай олмайди, экспорт ҳажми тушиб кетган. Мамлакатда ресурслар чекланган ва улар одамларни қўллаб-қувватлаш учун сарфланган. «Биз изоляциядан жабрланган барчага ёрдам бера олмаймиз», — дея таъкидлаган бош вазир.

Бош вазир коронавирусни юқтириб олиш хавфи сақланиб қолаётганини қайд этган ва аҳолини ҳукуматнинг кўрсатмаларига амал қилишга чақирган.

Покистон ҳукумати қурилиш билан боғлиқ барча соҳани очишга қарор қилган. Шунингдек, пўлат қуйиш, алюминий заводлари ва бошқа ишлаб чиқариш цехлари ҳам очилади. Бозорлар ҳафтада беш кун соат 17:00 гача ишлайди. Темир йўл ва авиатқатновларга қўйилган чекловлар ўз кучида қолади.

Сўнгги маълумотларга кўра, Покистонда 24 мингдан ортиқ киши коронавирусга чалинган, 6,4 минг киши касалликдан халос бўлган, 564 киши касаллик оқибатида вафот этган.

Манба: daryo.uz