АТРОФГА НАЗАР

ПАРКЕНТДА «УЗУМ САЙЛИ» ХАЛҚАРО ФЕСТИВАЛИ ЎТКАЗИЛАДИ


13.09.2023   270

Тошкент вилоятининг эко ва агротуризм салоҳиятини намоён этиш мақсадида жорий йилнинг 15-16 сентябрь кунлари Паркент туманида «Узум сайли» халқаро фестивали ўтказилади.

Туризм қўмитаси маълумотига кўра, ушбу тадбир қўмита ва Тошкент вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил қилинмоқда.

Халқаро тадбирда мамлакатимизнинг 12 та вилоятидан фермер хўжаликлари, экотуризм йўналишидаги тадбиркорлар ва турли хил табиий ичимликлар ишлаб чиқарувчи корхоналар вакиллари иштирок этади. Ҳар бир ҳудуд ўз эко, агро, гастротуризм салоҳиятини намойиш этади.

Тадбирда хорижий ва маҳаллий мутахассислар томонидан маҳорат дарслари, бизнес лойиҳалар, экотуризм ва узумчилик соҳасида эришилган натижалар тақдимоти ўтказилади.

Фестивалнинг маданий қисмидан эса миллий фольклор жамоалари, эстрада санъаткорлари чиқишлари, халқ урф-одатлари ва анъаналарини акс эттирувчи кенг кўламли дастур ўрин олган.