Андижон 24

ОТМга кириш учун тест синовлари бошланди


02.08.2023   1116

2023-2024-ўқув йили учун олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари бошланди.

Тест синовлари кунига икки сменада ўтказилиб, 1-сменада 08:00 дан 11:00 га қадар, 2-сменада 15:00 дан 18:00 га қадар бўлиб ўтади. Тест синовлари ҳудудлардаги абитуриентлар сони ва тест синовлари ўтказиладиган бинолар сиғимидан келиб чиққан ҳолда 11 кундан 13 кунгача давом этади ва 13 август куни тўлиқ якунланади.

Жорий йилда Андижон вилоятидан олий ўқув юртлари бакалавриат таълим йўналишига кириш учун 66 минг 824 нафар абитуриент тест синовидан ўтади.

–Тест синовлари Андижон шаҳридаги тўртта бино – Андижон Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази иккита манежида, “Ямбол” спорт комплексида, ҳамда Андижон давлат чет тиллар институти спорт зали бўлиб ўтмоқда, – дейди гуруҳ назоратчиси Дилгирбек Солиев. – Тест синови билан боғлиқ барча жараёнлар белгиланган низом ва тартиблар асосида ташкил этилмоқда. Шунингдек, жисмоний имконияти чекланган абитуриентлар учун махсус аравачалар ташкил этилган.

Жараённинг адолатли ва шаффоф ўтишини таъминлаш учун тест синови ўтказилаётган ҳудудлар камера кузатуви билан таъминланди. Бундан ташқари, ота-оналар ҳамда кенг жамоатчилик учун кутиш зали, тест синови жараёнини онлайн кузатиб бориш имкони яратилган.

Шунингдек, тиббиёт ходимлари абитуриентларнинг соғлигини назорат қилмоқда. Абитуриентларга сув, ручка берилиши ташкил қилинган.

-Бугун яхши ният билан тест имтиҳонларини топшириб чиқдим – дейди, булоқбошилик абитурент Бегали Мамазунунов. Ўзим тайёрланган, билган саволлар кўпроқ тушди, шунинг учун кўнглим тўқ, насиб этса буёғи бюджет бўлади. Ўқишга кириб олсам, юртимиз равнақи ва унинг ривожи учун ўз ҳиссамни қўшаман.

Имтиҳонлар жараёнида хавфсизликни таъминлаш учун Миллий гвардия ва ички ишлар ходимлари жалб этилган.

Auz.uz online гуруҳи.