Андижон 24

ОЛТИНЧИ ЧАҚИРИҚ ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ АНДИЖОН ВИЛОЯТ КЕНГАШИНИНГ ЭЛЛИК ТЎРТИНЧИ СЕССИЯСИ БЎЛИБ ЎТДИ


13.09.2023   402

Бугун вилоят ҳокимлигида олтинчи чақириқ халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгашининг эллик тўртинчи сессияси бўлиб ўтди.

Кун тартибида вилоятда ичимлик суви таъминоти ва оқава сув хизматлари учун таклиф этилаётган нархлар, яъни таърифларни тасдиқлаш, энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчиэнергия манбаларини жорий этишни жадаллаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, Андижон шаҳри Бўстон маҳалласи ҳудудида ташкил этилган ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонасига ажратилган ер майдонини ўзгартириш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, кун тартибидан ўрин олган вилоят соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ишлар хусусидаги вилоят соғлиқни сақлаш ва Асака ва Шаҳрихон туманларидаги ҳуқуқий ҳолати белгиланган аҳоли турар жойлари бўйича Давлат Кадастр палатаси вилоят бошқармалари бошлиқлари ҳамда вилоятда табиий газни иқтисод қилиш бўйича олиб борилаётган тадбирлар тўғрисида “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали раҳбарининг ҳисоботлари тингланди.

Андижон сув таъминоти МЧЖ директори Ш.Матмусаевнинг ичимлик суви таъминоти ва оқава сув хизматлари учун таклиф этилаётган нархлар (тарифлар) бўйича тақдимоти халқ ноиблари томонидан маъқуллангач, тасдиқланган тарифлар оммавий ахборот воситаларида эълон қилингандан кейин 15 кун ўтгач кучга кириши белгиланди.

Айни кунда вилоят соғлиқни сақлаш тизимида жами 92 та мустақил (юридик мақомга эга) тиббиёт муассасаларива уларнинг таркибига кирувчи 201 та муассасалар фаолият юритмоқда. Бошқарма бошлиғи А.Мирзажонов ўз ҳисоботида мазкур тиббиёт муассасаларининг ҳудудий тармоқлари фаолиятини самарали ташкил этиш, бирламчи тиббий-санитария, ихтисослаштирилган ва шошилинч тиббий ёрдамнинг сифати ва оммабоплиги,идоравий бўйсинувидаги ҳудудда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш, соҳани малакали кадрлар билан бойитиш, малакасини ошириш, қайта тайёрлаш бўйича зарур тадбирларни амалга ошириш каби долзарб масалаларга алоҳида тўхталди.

Маълумки, 2021 йил 13 августда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Андижон вилоятининг Асака ва Шаҳрихон туманларида кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”гиҳамда шу асосда вилоят ҳокимининг 2021 йил 18 августда қарорлари қабул қилинган. Мазкур қонуний ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида ҳар икки туманда аҳоли турар жойлари ялпи хатловдан ўтказилган. Мулкий ҳуқуқларни эътироф этиш амалдаги қонунчиликка меъёрларига мос келувчи турар жойлар мулкдорлари бўйича дастлабки маълумотлар шакллантирилиб, халқ депутатлари вилоят Кенгашига тақдим қилинган ҳамда ушбу туманлар ҳкоимликлар, сектор раҳбарлари томонидан тасдиқланган рўйхатлар асосида қонуний қарорлар қабул қилинган. Бироқ рўйхатдаги мулкдорлар шахсига оид, турар жой эгалланган ер майдони, ундаги қурилишлар майдони каби маълумотлар нотўғри экс эттирилгани сабабли хатолик юзага келган. Сессияда мазкур хатолик батафсил аниқлаштирилиб, халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан қабул қилинган қарорларга тегишли ўзгартиришлар киритилиши белгиланди.

Сессия кун тартибида кўриб чиқилган барча масалалар ечими тегишли мутасаддиларга йўналтирилди ва ижроси халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари томонидан назоратга олинди.