Андижон 24

ОИЛАВИЙ ЗЎРАВОНЛИК ФАРЗАНДЛАР РУҲИЯТИГА САЛБИЙ ТАЪСИР КЎРСАТИШИ МУҚАРРАР


25.02.2023   662

Кейинги пайтларда оилаларда аёллар ёки фарзандларнинг зўравонликка дучор бўлаётганлиги билан боғлиқ ҳолатлар тез-тез қулоққа чалинмоқда. Буни жабрланувчилар томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга қилинаётган мурожаатлар ҳам тасдиқлаб турибди. Жумладан, Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида қайд этилган қуйидаги ҳолат ҳам ушбу фикр исботидир.

Элбек Жўраев (исм-шарифлари ўзгартирилган) 2022 йилнинг куз ойларида рафиқаси Зилола Асадуллаева билан оилавий келишмовчиликлар туфайли жанжаллашиб қолади. Оқибатда аёл қўшни Хўжаобод туманига – ота уйига кетиб қолади. Бундан жаҳли чиққан Элбек кеч куз кунларининг бирида тунги соат 02:00 ларда қайнотасиникига боради. У ерда яна Зилола билан ғижиллашиб, куракда турмайдиган беҳаё сўзлар билан уни хақорат қилади. Бу ҳам етмагандай, хотинини уриб тан жароҳати етказади.

Шундан сўнг жанжал янада авж олишига кўзи етган З.Асадуллаева ёрдам сўраб, туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилади. Натижада кўп ўтмай, ИИБ ходимлари етиб келишади. Бироқ зўравон эр уларнинг қонуний талабини ҳам бажармайди. Шу боис Э.Жўраевга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, судга юборилади. Ўз навбатида унга суд томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўрилди.

Яна бир мисол. Хўжаобод туманида истиқомат қилувчи Санжарбек Дўстмуродов шаръий никоҳдаги турмуш ўртоғи Махфират Юлчибоева, унинг ўғли Диёрбек Каримжонов ва қизи Шоҳсанам Каримжоновалар билан бирга оилавий ётоқхонада яшайди. Лекин Санжарбек ўгайлигига бориб, Диёрбек ва Шоҳсанамга мунтазам равишда қўполлик қилиб, ҳатто уларни уриб тан жароҳати етказиб, уй ишларини бажаришга мажбурлаб ҳам келган. Бу ҳолат эса Махфиратга оғир ботиб, хўжайини билан тез-тез жанжаллашиб қолаверган. Шу йилнинг 31 январь куни ҳам С.Дўстмуродов аёли ва Диёрбекни уриб, қўрқитади. Бундай жанжаллардан безиллаган Д.Каримжонов бўлса “102” қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, ёрдам беришларини сўрайди.

Натижада тез орада ИИБ ходимлари мазкур хонадонга етиб келишади. Аммо Санжарбек профилактика инспекторининг хуқуқбузарликни тўхтатишга қаратилган қонуний талабларини ҳам бажармаган. Шу сабабли унга нисбатан маъмурий баённома тузилган. Пировардида суднинг 2023 йил 31 январдаги қарори билан у Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик), 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилиб, кодекснинг 34-моддаси тартибида 10 сутка маьмурий қамоқ жазосига тортилади. Шунингдек, ундан ҳар бир кун учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи миқдорида жами 450 минг сўм қамоқ харажатлари ҳам ундирилди.

Албатта, инсон қадри улуғланган юртимизда фуқароларнинг, айниқса, аёллар ҳамда болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш кафолатланган. Шу билан бирга, оилага жуда муқаддас даргоҳ сифатида қаралади. Шундай экан, бу қутлуғ гўшада зўравонликка асло ўрин йўқ. Зеро, оиладаги зўравонлик фарзандлар руҳиятига салбий таъсир ўтказади.

Муҳайёхон ТУРДИЕВА,

жиноят ишлари бўйича Хўжаобод туман суди раиси