Хорижда

МОСКВА БИРЖАСИ ЎЗБЕКИСТОН СЎМИДА САВДОЛАРНИ БОШЛАЙДИ


21.06.2022   2427

Ўзбекистон сўми билан биргаликда Арманистон драми ва Жанубий Африка ранди бўйича ҳам савдолар бошланади.

Москва биржаси валюта бозорида 2022 йил 27 июндан Ўзбекистон сўми, Арманистон драми ва Жанубий Африка ранди бўйича савдолар бошланади. Бу ҳақда биржа матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, янги валюталар бозорнинг профессионал иштирокчилари, уларнинг мижозлари — жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан ташқи иқтисодий фаолият субъектларининг савдо имкониятларини кенгайтиради.

Савдо иштирокчилари ва уларнинг мижозлари қуйидаги валюта жуфтликлари учун спот ва алмаштириш воситаларидан фойдаланиши мумкин:

Жанубий Африка ранди — Россия рубли (ZAR/RUB);

АҚШ доллари — Жанубий Африка ранди (USD / ZAR);

Арманистон драми — Россия рубли (AMD/RUB);

АҚШ доллари — Арманистон драми (USD/AMD);

Ўзбекистон сўми — Россия рубли (UZS/RUB).

Бирлашган Араб Амирликлари дирҳами — Россия рубли (AED/RUB) ва АҚШ доллари — БАА дирҳами (USD/AED) валюта жуфтликларида савдонинг бошланиши кейинроқ эълон қилинади.

Аввалроқ Москва биржаси яқин келажакда бозорда мавжуд бўлган валюталар рўйхатини Ўзбекистон сўми кенгайтиришни режалаштираётгани ҳақида хабар берилганди.