ЖАМИЯТ

МИСР ҲУКУМАТИ ТОМОНИДАН БЕҒАРАЗ ЁРДАМ СИФАТИДА ТАҚДИМ ЭТИЛГАН “С” ГЕПАТИТИГА ҚАРШИ ДОРИ ВОСИТАЛАРИНИНГ НАВБАТДАГИ 12-ПАРТИЯСИ ЎЗБЕКИСТОНГА ЕТКАЗИЛДИ


07.08.2023   1038

Кеча «Uzbekistan Airways» авиакомпанияси Миср ҳукумати томонидан мамлакатимизга инсонпарварлик ёрдам сифатида ажратилган “С” гепатитига қарши “Sofosbuvir” дори воситасининг ўн иккинчи партиясини Шарм аш-Шайхдан Тошкентга етказиб берди.

Умумий 30 дона қутига юкланган 7,2 минг “Sofosbuvir-400 mg” дори воситалари Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-текшириш институти томонидан шифоталаб беморларга тақсимланади.

Қайд этиш жоиз, Миср гепатит “В” ва “С” вирусларига қарши курашда дунё миқиёсида сезиларли муваффақиятларга эришган. Миср соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакат аҳолиси ушбу касалликдан бутунлай фориғ бўлган ва бу ҳақда вазир Халид Абдуғаффор жорий йилнинг 21-30 май кунлари Женева шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 76-сессиясида маълум қилди.

Мутахассисларнинг фикрича, Мисрнинг гепатит “С” касаллигига қарши курашдаги беғараз ёрдами давлатимиз бюджетидан ажратилган 35 миллиард сўмни тежаш имконини берди. Натижада ушбу маблағлар гепатитни аниқлаш бўйича аҳолини “скрининг” қилиш ҳажмини жорий 10 мингдан 1 миллионга қадар ошириш, яширинган вирусларни аниқлаб, касалликка тўлиқ барҳам беришга имкон яратиши мумкин.

Таъкидлаш жоиз, ушбу тадбир Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 20-21 февраль кунлари Мисрга расмий ташрифи ҳамда икки мамлакат соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида ўтказилган музокаралар чоғида тузилган шартномаларга мувофиқ амалга оширилмоқда.

Таъкидланишича, фақат аҳолини оммавий текшириш ва гепатитга қарши доимий кураш натижасида ушбу касалликка 2030 йилга келиб чек қўйиш мумкин.