Андижон 24

МИБ: 4 ЁШЛИ БОЛАКАЙ ОНАСИ ТАРБИЯСИГА ОЛИБ БЕРИЛДИ


22.04.2024   914

Қонунчиликда, ота-оналар фарзанд тарбиясида бирдек ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга, бироқ оилалар ажримида вояга етмаган фарзандлар кимнинг тарбиясида қолиши ажрашаётган эр-хотин томонидан ҳал этилади. Фарзандлар тарафлар келишуви асосида эр ёки хотиннинг тарбиясида қолиши мумкин, келишувга эришилмаган тақдирда эса, суднинг ҳал қилув қарори билан ушбу тартиб белгилаб берилади.

Пахтаободлик Ж.Б. ва Ш.Б.ларнинг икки фарзанди бор. Оилавий низолар сабаб болаларнинг бирини аёл ота уйига олиб кетган. 4 ёшли болакайни эса отаси ўзи билан олиб қолган. Ўртадаги келишмовчиликлар туфайли ота ўғлини аёлига беришни истамаган.

Мурғаккина гўдагини кўра олмаган, уни тафтини хис қилолмай соғинчга тўлган она судга мурожаат этган. Аёлнинг даъвосига кўра бола онаси Ш.Б.нинг қарамоғига олиб берилиши белгиланган.

Мажбурий ижро бюроси Пахтаобод туман бўлими ходимлари ижро ҳаракатлари олиб бориб, болани онаси тарбиясига олиб берди.

Дарҳақиқат, фарзанд она учун кўзининг қароғи, яшашдан топган асл мақсади. Тўққиз ой юрагининг остида авайлаб асраб, туғилгач ўз ҳаловатидан кечиб, тунларни бедор ўтказадиган, кимдир боласини бағридан жудо этса бу айрилиққа асло кўникмас зот ҳам онадир!

Андижон МИБ