Хорижда

МАЙМУН ЧЕЧАГИНИ ЮҚТИРГАН БЕМОРЛАР СОНИ КЎПАЙМОҚДА


30.05.2022   1845

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дунёда маймун чечагини юқтирган беморлар сони 260 нафарга яқинлашди, яна 120 киши шубҳа остида.

Шу йилнинг 7 май куни Буюк Британияда қайд этилган мазкур инфекция кўп ўтмай АҚШ, Канада, Испания, Португалия, Франция, Италия, Швеция, Бельгия, Нидерландия, Греция, Австралия, Исроил, Швейцария, Судан ва Аргентинада тарқала бошлагани ҳақида хабар берилган эди.

ЖССТнинг сўнгги маълумотларига кўра, ҳозир ана шу инфекция рўйхатга олинган давлатлар сони 23 тага етган. 257 нафар бемор хасталикка чалинган бўлса, яна 120 киши вирусни юқтирганликда гумонланяпти.

Бироқ ЖССТ маймун чечаги эндемик бўлмаган бир нечта мамлакатда тўсатдан ва бир вақтнинг ўзида пайдо бўлиши сабабини аниқ изоҳлай олгани йўқ. Фақат тахминий хулосалар бор. Унга кўра, инфекция ушбу ҳудудларга аввалроқ кириб борган, лекин ўз вақтида аниқланмаган бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, мутахассислар Африканинг қатор мамлакатлари инфекция ўчоғи бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Шу боис, мазкур давлатларга борган сайёҳлар касаллик ташувчи ҳайвонлардан узоқ бўлиши, шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилиши лозимлиги уқтириляпти.

Расмийларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда маймун чечаги қайд этилгани йўқ. Аммо, мамлакатимизга ҳам ушбу касалликнинг кириб келиш эҳтимоли йўқ эмас!

Сабаби, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков таъкидлаганидек, Республикамиз очиқ: дунёнинг исталган бурчагидан кимдир келиши мумкин. Дунё ҳамжамиятидаги аҳолининг ҳаракатларида чегара йўқлиги, қолаверса, аҳоли миграцияси билан боғлиқ ҳолатлар нуқтаи назаридан ҳам эҳтимолни ҳеч қачон инкор қилиб бўлмайди.

Айни пайтда ЖССТ тавсияларидан келиб чиқиб, бу инфекциянинг юртимизга кириб келмаслиги учун зарур чоралар кўриляпти, касалликка қарши ишлатиладиган диагностикумларни тайёрлаб қўйиш бўйича ишлар амалга ошириляпти. Мабодо, эпидемик вазият мураккаблашгудек бўлса, чин чечакка қарши вакцинани қўллаш орқали маймун чечагидан ҳимояланиш мумкин.

Касалликнинг тезда намоён бўладиган клиник белгилари: тана ҳароратининг кескин ошиши, балғамсиз йўталнинг пайдо бўлиши, терида тошма пайдо бўлиши. Касаллик мулоқот ва жароҳатланган тери ҳамда шиллиқ қаватлар орқали юқади. Касалликни тўлиқ даволаш мумкин.