Бугуннинг гапи

Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни: ҲАР ГАЛГИДАН КЎРА НООДАТИЙ ТАРЗДА


27.06.2020   16453

Андижонда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунига бағишланган тадбир ҳар галгидан кўра ноодатий тарзда бўлиб ўтди.

Унга босма, электрон оммавий ахборот воситалари ходимлари, соҳа фахрийлари, блогерлартаклиф этилиб, улар учун пресс-тур ташкил қилинди.

Иштирокчилар дастлаб Андижон шаҳридаги «Digital Siti» фаолияти билан танишдилар. Сўнгра Марҳамат тумани, Қовунчи қишлоғидаги Ўзбекистон Халқ шоири Муҳаммад Юсуф уй музейида бўлиб, шоирнинг қабрини зиёрат қилдилар.

Пресс-тур давомида иштирокчилар юртимиздаги бунёдкорлик ишларининг намунаси сифатида Марҳамат туманидаги Алитепа маҳалласида барпо этилган, умумий лойиҳа қиймати 4 миллиард 300 миллион сўм бўлган Эркин Воҳидов номидаги шахмат ва волейбол мактабининг очилиш маросимида қатнашиб,у ерда яратилган шарт-шароитлар ҳамда ушбу маскандаги мингдан ортиқ спортга оид китоблар билан тўлдирилган кутубхонани кўздан кечирдилар.

  • Мактабдан келажакда мамалакат, Осиё ва жаҳон чемпионлари чиқишига асло шубҳа йўқ, - деди спорт иншооти очилишида сўз олган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов. – Чунки бу ерда ёшларимизнинг спорт билан шуғулланишлари учун зарур барча шароитлар яратилган. Қолаверса, Марҳаматда спорт ва бошқа соҳаларда юксак натижаларга эришаётган ёш иқтидорлар жуда кўп.

Тадбирнинг иккинчи қисми вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов билан мазкур мактабнинг мухташам анжуманлар залида очиқсуҳбат тарзида давом этди.

- Бугун мамлакатимизда сўз эркинлиги том маънода шаклланди, - деди вилоят ҳокими. – Энг асосийси матбуотимизда соғлом танқидий руҳ кучайиб бормоқда. Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳаётимиздаги ютуқ, муаммо ва камчиликларни кўрсатиб бериш орқали жамият ривожига салмоқли ҳисса қўшмоқда.

Анжуман якунида самарали фаолият юритаётган бир гуруҳ соҳа вакиллари вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

«auz.uz» online гуруҳи.