ЖАМИЯТ

МАСЪУЛИЯТНИ УНУТИШ ФОЖЕАГА САБАБ БЎЛАДИ


04.03.2021   1707

Ёнғинлар кутилмаган жойдан келиб чиқади. Бунга эътиборсизлик, лоқайдлик сабаб бўлади. Арзимаган учқун кўз кўриб, қулоқ эшитмаган фожеага сабаб бўлиши мумкин. Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари мутахассислари томонидан олиб бориладиган профилактик тадбирларда бу ҳақида тушунчалар берилишига қарамасдан хавфсизлик қоидаларига бефарқ бўлувчиларнинг учраб туриши нохушликларга олиб келмоқда.

Юртимизда, ҳусусан, вилоятимизда ҳам кўркам янги бинолар қад ростламоқда. Қурилишларда замон талабларига мос, фойдаланиш учун қулай бўлиши давр талабидир. Уларни қуриб фойдаланишга топширгунга қадар кўплаб инсонларнинг меҳнати билан бирга катта миқдорда моддий маблағ сарф этилади. Шундай экан иншоотларнинг узоқ йиллар давомида хизмат қилиши учун лойиҳалаштиришда меъёрий ҳужжатларга амал қилиниши муҳим.

Ушбу жараёнда биринчи ўринда ёнғин хавфсизлигига қатъий риоя этиш, қурилиш жараёнида ёнғин хавфсизлигини таьминлаш ва қўшни биноларга зарар етказмаслик, иш жойида ҳар-хил чиқиндиларни сақлаш ёки уларни ёқиш қатъиян маън этилади. Бино ичида ўзбошимчалик билан лойиҳадан ташқари қурилиш ишларини олиб бориш, электр тармоқларини монтаж қилиш, бино ҳамда хоналарнинг шифт қисми ёнғин вақтида тез ёнувчи ва ўзидан заҳарли модда тарқатувчи пластик қопламалар билан қопланиши кўп ҳолларда ёнғин содир бўлишига, кўнгилсиз ҳодисаларга сабаб бўлади. Бундан ташқари фуқароларни қутқариш, эвакуация қилиш ишларига салбий таъсир кўрсатади.

Қурилиши давом этаётган бино ва иншоотларнинг майдонларида, шунингдек, қурилиш-монтаж ишларида ёнғин хавфсизлиги тегишли қоидаларга амал қилиш орқали таъминланади.Бунинг учун барча ишчи ходимлар техника қоидаларига риоя қилган ҳолда махсус кийим бошлар билан таъминланиши, қурилиш майдонларида пайвандлаш ишларини махсус гувоҳномага эга бўлган ишчилар олиб бориши лозим. Ёнғинга қарши қалқон ҳамда бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан таъминлаш, носоз ҳолдаги электр тармоқларидан, ишчилар хонасида ностандарт электр иситиш мосламаларидан фойдаланмаслик муҳим шартлардандир.

Газ солинган баллонлар сони 50 дан ортиқ бўлмаган ҳолда махсус омборхонада ёки қуёш нури тик тушмайдиган бостирма остида сақланиши керак. Тўлдирилган баллонлар тик ҳолда сақланиши лозим. Улар махсус катаклар ёки уяларга ўрнатилади ва камар, занжир ёки қисқичлар билан маҳкамланади. Кислород баллонларидан фойдаланиш, уларни сақлаш ва кўчиришда баллон ҳамда шланглар мой ва мойли материалларга тегиб кетмаслиги чоралари кўрилиши ва шу каби бир қатор хавфсизлик чораларига риоя қилиниши керак.

Бино ва иншоотларни бунёд этувчи ҳар бир бинокор-қурувчи, муҳандис, мутахассис тегишли талабларни пухта ўзлаштириб олиши, қурилиш жараёнида ёнғинларга олиб келувчи ҳар қандай салбий ҳолатнинг олдини олиш юзасидан тегишли йўриқнома билан таъминланиши лозим. Бошқача айтганда, қурилишда амалдаги қоида талабларига қатъий риоя этишга ҳар бир киши масъул ва мажбур эканлигини унутмаслиги керак.

Улуғбек ҚОСИМОВ,

Андижон вилояти ФВБ Норматив-техник бўлими бошлиғи, майор.