Андижон 24

ҚЎШНИСИНИНГ МАШИНАСИНИ ЎҒИРЛАГАН ТАЛАБА БЕШ ЙИЛГА ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ БЎЛДИ


22.06.2022   3185

Аҳмадхон Раҳматхонов (исм-шарифлари ўзгартирилди) бир неча йиллик уринишлардан сўнг Андижондаги олий ўқув юртларидан бирига ўқишга кирган, эндигина институтнинг биринчи босқичида таҳсил олаётганди. Ҳадемай оила қурадиган, ҳаётда ўз ўрнини топадиган паллада – 23 ёшда эди. Аммо оқибатини ўйламай қадам босгани ортидан ўзининг ҳам, яқинларининг ҳам барча режалари барбод бўлди: нақирон йигит суд ҳукми билан 5 йилга “кесилиб” кетди.

Гап шундаки, куз кунларининг бирида тонгги соат 5 ларда кўчага чиққан Аҳмадхон ён қўшнисининг дарвозаси қия очиқлигига кўз тушди.Секингина ичкарига қадам босди. Қарасаки, дарвозахонада турган “Нексия-2”нинг калити ўзида экан. Аҳмадхон машинани ўт олдирдию, Андижон туманининг Бахт маҳалласида жойлашган кўп қаватли уйлар томон ғизиллатиб ҳайдаб кетди.

Орадан ҳеч қанча ўтмай, машинани кўрсатиш учун таниши Иззат Акромовни бошлаб келди. “Қалай, маъқулми?” деди унга.

“Нексия”нгиз борлигидан бехабар эканман, – деди Иззат ҳайрон бўлиб. – Тўғриси, сал кўримсизроқ экан. Аммо тепасидаги багажи билан ғилдиракдаги қалпоқлари ечилса, истарали машина бўлади.

Машина меники, аммо бир танишимнинг номида. 1000 доллар бериб туринг, ҳозир ишончнома қилиб беролмасам-да, машина сизда гаровда туради, - дея Аҳмадхон сир бой бермай Иззатни аврай бошлади.

Сўнг иккиси ғилдирак қалпоқлари билан юк ортишга мўлжалланган қисмини бўшатишга киришди. Иззат унга ёрдамлаша бошлади. Машинанинг бўшатилган жиҳозларини Иззат бошқариб келган уловнинг юкхонасига жойлашди.

Шу пайт Иззатни дадаси телефон қилиб чақириб қолди. У Аҳмадхонни йўлда тушириб, “Кейинроқ маслаҳатлашамиз”, дея уйига шошди...

Бу пайтда ўғирланган машина ортидан маҳаллада тўс-тўполон кўтарилган, ички ишки ишлар ходимлари аллақачон суриштирувни бошлаб юборишганди. Саноқли соатлар ичида ўғри ҳам, машина ҳам топилди.

Иззат ҳам тўғрисўз йигит эканки, воқеадан хабар топган заҳоти “Мен машинанинг ўғирланганидан мутлақо бехабар эдим, “Нексия”нинг иккита жиҳози менда турибди, мана”, дея дарҳол ички ишлар идорасига хабар берди.

...Юқорида айтилдики, Аҳмадхон эндигина 23 ёшга тўлганди деб. Аммо уни ёшлик қилиб хатога қўл урди, деб оқлаб бўлмасди. Зеро, қаҳрамонимиз ёш бола эмас, институт талабаси, яъниким ҳаракатларининг оқибатини жуда яхши тушунарди. Бироқ жиноят изини топа олишмайди, деган хом хаёл билангина ўғриликка қўл ургани кундек равшан.

Мазкур масала судда икки бор кўриб чиқилди. Хусусан, судланувчи биринчи инстанция судининг қароридан норози бўлиб, апелляция инстанцияга шикоят билдирди. Шунга қарамай, ҳолат атрофлича ўрганиб чиқилиб, жиноят ишлари бўйича Андижон тумани судининг ҳукми ўзгаришсиз, шикоят қаноатлантирилмасдан қолдирилди. Яъниким Аҳмадхон Раҳматхонов суд томонидан белгиланган 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтайдиган бўлди.

Умидахон Имомова,

Андижон вилояти суди судьяси