Андижон 24

КОРРУПЦИЯ – АДОЛАТ КУШАНДАСИ


21.12.2018   4191

Зулайҳо Мадярова 1969 йилда туғилган. Олий маълумотли ўқитувчи. 2013 йил 11 октябрдан Булоқбоши тумандаги 4-умумий ўрта таълим мактабига директор этиб тайинланган. Раҳбарликнинг дастлабки йиллари хизмат вазифасини тўғри бажаргандир, бироқ иш “тажрибаси” ошгани сари нафси ҳакалак ота бошлади. Буни қуйидаги далиллар тасдиқлайди.

Жорий йилнинг май ойида фуқаро Ш. Тўхтаева жиянлар бўлмиш Ш. Расулжонов ҳамда Д. Расулжоновни ўқишга қабул қилишини директордан сўрайди. З. Мадярова эвазига 200 АҚШ доллари миқдорида пул талаб килади. Суҳбат давомида таълим даргоҳи раҳбари ўтган йилги «ставка» 75 доллар бўлганини ҳам қистириб ўтади.

2018 йил 30 май куни соат Ш. Тўхтаева келишилган пулни З. Мадяровага олиб келади. Директор илтимосчидан мактабга ҳомийлик қилаётгани ҳақида тилхат ёзиб беришини айтади. Ш. Тўхтаева пулларни қўйиб, хонани тарк этади. З. Мадярова унинг ортидан чиққанида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига дуч келади.

Судланувчи З. Мадярова судда ўз айбига қисман иқрор бўлди. Қилган ишидан пушаймон эканини айтди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 210-моддаси, 2-қисмининг “в” банди билан айбдор деб топилган З. Маядровага Жиноят Кодексининг 45-моддаси қўлланилди. Уч йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди.

Шоҳжаҳон ҚОСИМОВ,

Булоқбоши туман ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси терговчиси, капитан.