Хорижда

КОРОНАВИРУС ПАНДЕМИЯСИ ЯҚИН ОРАДА ТУГАШИ МУМКИН


16.11.2021   2497

Microsoft асосчиси Билл Гейтс 2022 йилнинг ёзида коронавирусдан ўлимлар сони кескин камайиши мумкинлигига ишонч билдирди. Майкл Блумбергнинг Янги иқтисодий форумида нутқ сўзлаган тадбиркор пандемия ривожланиши мумкин бўлган сценарий ҳақида тўхталди.

“Табиий иммунитет, вакцина, антитаначалар туфайли пайдо бўлган иммунитет, янги дори-дармонлар сабаб келгуси ёзгача ўлим ва касалликлар кўрсаткичлари пасайиши, ҳатто мавсумий гриппга қараганда ҳам пастроқ бўлиши керак”, деди у ва янги штаммалар пайдо бўлмаган тақдирдагина бунга умид қилиш мумкинлигини қўшимча қилди. Гейтснинг фикрича, вакцина ва дори-дармонлар ҳақидаги сўнгги “жуда яхши” хабарлар бундай хулосага келишга асос бўла олади.

Миллиардернинг ишонч билдиришича, профилактика дори воситалари тақчиллиги билан боғлиқ барча қийинчиликлар келгуси йилга қадар ҳал бўлади, фақат логистика ва талаб туфайли юзага келган чекловлар сақланиб қолади.

У баъзи мамлакатларда, масалан, Aфрикада вакциналарга талабнинг ошиши маълум бир муаммо бўлишини таъкидлади, бироқ бу муаммони ҳал қилиш учун барча имкониятларни ишга солишга ваъда берди.

Гейтс, шунингдек, Merck компанияси томонидан ишлаб чиқарилаётган вирусга қарши дорининг нархи 8 доллардан ҳам арзон бўлишини таъкидлади.

“Бу хавф остида бўлган ёши катталар ёки сурункали касалликка чалинган ҳар бир киши топширган тест мусбат натижа бериши биланоқ профилактик даволанишни бошлаш имконини беради”, — деди Microsoft асосчиси.

Умуман олганда, дунёда 250 миллион нафардан ортиқ одам коронавирус билан касалланган, беш миллион нафардан ортиқ беморни сақлаб қолишнинг иложи бўлмади. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.