ЖАМИЯТ

«ҚОРА КЎРПА»ДА ҲУНАРМАНДЧИЛИК МАРКАЗИ ОЧИЛДИ


19.06.2021   666

Бугун Андижон вилояти Шаҳрихон туманининг «Қора кўрпа» МФЙ ҳудудида «Шаҳрихон ҳунармандчилик маркази» очилди.

Марказ 1,3 гектар майдонга эга қиймати 11 миллиард сўмлик бўлиб, қурилиши қадимий Шаҳрихон меъморчилик анъаналари асосида замон талабларига мос ҳолда қурилган.

У ерда пичоқчилик, кулолчилик ва миллий кийим, косибчилик, дўппидўзлик, чўпон тикиш, ёғоч ўймакорлиги йўналишларида иш олиб борилади. Ундан ташқари 34 та ҳунармандчилик устахонаси ҳамда 250 та савдо расталари ташкил этилган бўлиб, 320 та иш ўрни яратилган.

Ушбу мажмуани ташкил этишдан мақсад, юртимизга ташриф буюрувчи сайёҳларга миллий ҳунармандчилигимиз ҳақида маълумот бериш, тарғиб қилиш, ёшларни ҳунарга ўргатишдан иборат. Бу марказ туристик ҳудудларга яқин бўлган жойларга қурилган, меҳмонлар топиши осон бўлиши инобатга олинган. Бундан ташқари, бу каби марказлар халқ амалий санъатини асраб-авайлаш, миллий ҳунармандчилигимизни ривожлантириш ва келажак авлод учун сақлаш, уста ҳунармандлардан бу соҳанинг сир-асрорларини ёшларга ўргатишига хизмат қилади.

2021-2022 йилларда мамлакатимизда жами 54 та ҳунармандчиликни ривожлантириш марказини қуриш режалаштирилган.

Марказлар «Ёшлар дафтари», «Аёллар дафтари» ва «Темир дафтар»га киритилган аҳоли вакилларига ҳунар ўрганиш, бандлигини таъминлашга хизмат қилади.