Андижон 24

ҚИШ ҚАҲРАТОНИНИ ЕНГАЁТГАНЛАР


26.01.2023   740

Қиш. Атроф оппоқ қор. Ташқарида 15-17 даража совуқ. Деразадан кўчага разм солар эканман,зарур юмуш туфайли кўчага чиқишнинг имкони йўқ, деб ўйладим. Шундай бўлса-да, бирровга чиқишимга тўғри келди. Манзил сари борар эканман, аста юришнинг имкони йўқлигини англадим ва майда қадамлар билан тез-тез одимлай бошладим. Совуқ забтига олган мана шундай бир пайтда йўл четида махсус транспорт воситаси ер ковлаётганини кўриб, тўхтаб қолдим. Шу пайтда зарурми шу, деган савол ўтди хаёлимдан. Аста чуқур томон бўйладим. Не кўз билан кўрайки, мана шундай изғирин совуқда уч-тўрт киши бели баравар сувда қувурни таъмирлаш билан овора эдилар. Этим сесканиб кетди. Ахир, бу аёзда ишлаб бўладими! Яна муздек сув бутун баданингизга сачраб, шаллаббо қилиб турган ҳолатдая?..

-Бу биз учун оддий холга айланган,-дейди “Андижон сув таъминоти” МЧЖнинг Андижон шаҳар филиали Таъмирлаш гуруҳида чилангар вазифасида меҳнат қилувчи Акромжон Долимов. –Бир кунда 3-4 тагача носозликни бартараф этишимизга тўғри келади. Бу ҳолат бир неча кунгача давом этган пайтлар ҳам бўлади. Бу носозликнинг ҳажмига боғлиқ! Масалан, Андижон шаҳрининг “Бўстон” даҳасидаги “Андижон” маҳалласидан ўтган даиметри 1000 мм. ҳажмли сув қувурини кундузи бошлаб, тонг саҳарда тугатишимизга тўғри келди. Бундай пайтда вақтнинг, об-ҳаводаги ҳароратнинг аҳамияти йўқ. Аҳоли бир қултум сувга зориқиб турган маҳалда қўлни қовуштириб ўтиришга виждонимиз қийналади, ахир. Халқнинг корига ярашни ўзимизга мақбул, деб билдикми, демак, ҳар қандай шароитда ҳам меҳнат қилишимиз, ҳамюртларимизга қулайлик яратишимиз керак.

Акромжон қарийб, 24 йилдирки, шу вазифада меҳнат қилади. Ҳар куни уч-тўрт марта сувга тушишига тўғри келади. Нафақат, қишда, балки ёзнинг иссиқ кунларида ҳам узоқ вақт сувда қолиб ишлашнинг ўзи бўлмайди. Баъзан, уйга борганида оёқлари увишаётганини сезади. Кун давомида билинмаган азоблари энди ўз кучини кўрсатаётганини сезса-да, бирор марта ишидан нолимайди.

-Аномал совуқ пайтида ишимиз кўпайди,-суҳбатда давом этади у. –Кундузги совуқ тунга бориб икки-уч баробарга ортиб кетди. Бироқ, бу ишни тўхтатишимизга сабаб бўлолмади. Ахир, юзлаб хонадонларда сув таъминоти тўхтаб қолган. Бир соат умримизни сувсиз тасаввур қилиш қийин бўлиб қолган ҳозирги замонда аҳолига ўз вақтида қулайлик яратиб, яшаш шароитини яхшилашга кўмаклашиш мен каби сувсозларнинг энг муҳим вазифасидир. Ана шундай пайтларда баъзан фарзандларимнинг менга раҳми келади. “Дада, бўлди энди ишга борманг. Бизга соғлигингиз мухим”,-дейди ўғилларим. Мен бўлса уйда бекор қолсам касал бўлиб қоламан. Шу боим ҳар доим ишга отланаман. Касбим менинг ҳаётимга, амалга ошираётган ишларим умрим мазмунига айланиб қолган.

Бу йилги қиш мавсумида сув таъминотида ҳам ўзига хос муаммолар юзага келди. Қувурларнинг музлаб қолиши Таъмирлаш гуруҳи ишчиларининг юмушини икки-уч баробарга оширибгина қолмасдан, ҳар доимгидан ортиқ куч ва шижоат билан ишлашни ҳам талаб этди. “Ўзсувтаъминот” АЖ томониданреспубликамиз бўйича 2 минг 219 нафар тармоқ усталари ва чилангарлардан иборат 527 та авария бригадалари, 533 нафар ходимлардан таркиб топган диспетчерлик хизматларида узлуксиз фаолият жорий этилди. Уларни зарур техника, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ҳамда кийим-бош билан таъминлаш каби чоралар кўрилди.

-“Андижон сув таъминоти” МЧЖда 98 транспорт воситалари мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти аварияларни бартараф этишга жалб этилди,-дейди “Андижон сув таъминоти” МЧЖ матбуот котиби Марҳабохон Насриддинова. –Ҳар бир шаҳар ва туманлардаги филиалимизда навбатчилик гуруҳлари ташкил этилди. Улар томонидан ҳудудларда юзага келган носозликларни бартараф этиш ва фуқаролар мурожаатларининг ижобий ечимини таъминлаш ишлари сифатли амалга оширилди. Аномал совуқ ҳукм сурган кунларнинг ўзида 50 дан ортиқ жиддий авария ҳолатлари кузатилди. Бунинг натижасида 34 та манзилда сув таъминотида вақтинча узилишюзага келди. Аҳолига ўз вақтида тоза ичимлик суви етказиб бериш учун таъминотнинг муқобил туридан фойдаланишга тўғри келди. Яъни, 53 та масхус сув ташувчи транспорт воситалари орқали истеъмолчиларга ичимлик суви етказиб берилди. Бу каби ҳолатларни бартараф этишда АкромжонДолимов каби ишчиларимизнинг меҳнати жуда катта бўлди. Уларнинг фидокорона саъй-ҳаракатлари туфайли носозликлар ўз вақтида ижобий хал этилиб, аҳолининг бир дақиқа бўлсин сувсиз қолишига йўл қўйилмади.

Биз ушбуларни ўқиётган пайтимизда республикамизнинг қайсидирҳудудидаги сув тармоғида яна носозлик юзага келгани эҳтимодан холи эмас. Бироқ, кўнглимиз тўқ. Ахир,Акромжон каби бугунги кун қаҳрамонлари бор экан, ташвишланишимизга ҳожат йўқ.

Саминжон ҲУСАНОВ.