Хорижда

Қирғизистон президенти матбуот котиби: «ПАСПОРТ МАФИЯСИ ЭНДИ ЙЎҚ ҚИЛИНДИ»


06.09.2023   269

Паспорт мафияси энди йўқ қилинди, деди президент матбуот котиби Эрбол Султонбоев 5 сентябрь куни ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Унинг эслатишича, аввалроқ Садир Жапаров Қирғизистонда фуқароларнинг миллий паспортларини чоп этиш йўлга қўйилиши ҳақида маълум қилган эди. Султонбоев «Учқун» босмахонаси учун тегишли жиҳозлар харид қилинганини таъкидлади. Бу ҳақида AKIpress хабар берди.

«Мамлакат тарихида биринчи марта ўзимиз миллий ҳужжатларимизни чоп эта бошладик. Ҳар доим Қирғизистон фуқароларининг паспортлари хорижда чоп этилган. Ҳеч кимга сир эмаски, бу ер алоҳида виждонсиз амалдорлар ва ҳатто жиноят олами етакчиларининг бойиши учун катта майдон бўлган. Паспорт мафиясига қарши курашиш учун бир йил керак бўлди. Агар бу курашнинг бошида давлат раҳбарининг ўзи бўлмаганида, ҳеч нарса бўлмасди. Энди паспорт мафиясига барҳам берилди», деб ёзади Султонбоев.

Унинг фикрича, Қирғизистонда паспорт ишлаб чиқариш давлат буджетини тежашга ёрдам беради.

«Биз ҳар йили ўртача ҳисобда бир ярим миллион донагача ИД-карта ва фуқаролик паспортига хорижда буюртма берамиз. Тасаввур қилинг-а, виждонсиз одамларнинг чўнтагига қанча пул тушди.

Паспортларни ишлаб чиқариш энг илғор мамлакатларда қўлланиладиган энг янги технологиялар асосида амалга оширилади. Илгари Қирғизистоннинг сохта паспортлари хорижда аниқланган ва ишлаб чиқарилган жойини аниқлаш ҳар доим ҳам имкони бўлмаган ҳолатлар мавжуд эди.

Энди кўп қийматли ҳимоя тизими қўлланилади – ҳимояланиш даражаси бўйича бизнинг паспортларимиз дунёнинг энг илғор ўнта давлати билан тенглашади. Шу боис Қирғизистоннинг сохта паспортларини бир хил сифатда сохталаштириш энди имконсиз бўлади.

Насиб қилса, келаси йилдан ўз миллий валютамизни ҳам чоп эта бошлаймиз», деб ишонтирди у.