Андижон 24

ҲОКИМ ЁРДАМЧИЛАРИ ВА МАҲАЛЛАБАЙ ИШЛАШ МАРКАЗЛАРИ ХОДИМЛАРИ УЧУН СЕМИНАР-ТРЕНИНГЛАР БОШЛАНДИ


03.12.2021   1539

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йилдан бошланб, маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш мақсадида ҳудудларда ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилмоқда. Октябрь-ноябрь ойларида ушбу лавозимга тавсия этилганлар орасида иқтисодий билим ва кўп йиллик иш тажрибасига эга номзодлар танлаб олинди. Энди галдаги вазифа уларнинг фаолиятини тўғри ташкил этишга кўмаклашишдан иборат. Ана шу мақсадда шаҳар ва туманларда ҳоким ёрдамчиларини ўқитиш ва салоҳиятини ошириш бўйича тренерлар мактаби ташкил этилмоқда.

30 ноябрдан бошлаб, Андижон давлат университетида ҳудудий тренерларни тайёрлаш бўйича семинар-тренинглар бўлиб ўтмоқда.

Унда 15 нафар мутахассислар томонидан 201 нафар бўлажак тренерларга ўз йўналишлари бўйича тингловчиларга ҳоким ёрдамчилари ва “Маҳаллабай ишлаш маркази” ходимларини маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича тўпланиб қолган муаммоларни қандай ҳал этиш, қандай механизм ва воситалардан фойдаланиш каби масалаларни ечиш бўйича ўзларининг амалий тавсияларини беришмоқда. Шунингдек, маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш портрети ишлаб чиқиш зарурлиги тушунтирилмоқда.

Тренинг давомида Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Раҳмонжон Алимов томонидан аҳолининг маҳалладан чиқмай туриб барча давлат хизматларидан фойдаланган ҳолда ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ечиш мумкинлиги бўйича тушунчалар берилмоқда.

Семинар машғулотлари икки босқичда ўтказилмоқда. Жумладан, биринчи босқич дастурда белгиланган маърузалар асосида олиб борилмоқда. Иккинчисида мавзу юзасидан дарс якуни бўйича энг муҳим масалалар кест технологияси асосида тушунтирилиб, савол-жавоб шаклида тегишли хулоса ясалмоқда.

Ўқув курси якунида ўтилган мавзулар бўйича тест саволларига тўғри жавоб берган тингловчиларга махсус сертификат топширилади.