Андижон 24

ҲАШАР - МАҲАЛЛАГА ЯРАШАР


13.02.2024   2851

Баҳор нафаси етиб келганига ҳам оз муддат бўлгани йўқ. Бу йил иссиқ кунлар эрта бошланди. Андижонда уйғониш даври келиб улгурмасданоқ маҳаллаларда ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари бошланиб кетди.

Кўкаламзорлаштириш, янги боғлар яратиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш баҳорнинг энг муҳим тадбирларидан. Баҳор айёми аввалида амалга оширилаётган бундай хайрли ишлар туфайли юртимизда боғ-роғлар тобора кенгаймоқда, шаҳару-қишлоқларимизда сўлим гўшалар, хиёбонлар, истироҳат боғлари барпо этилмоқда.

Маҳаллаларда эҳсон, хайр-саҳоват ишлари, дарвешоналар ўтказиш урфга айлангани ҳам ҳечкимга сир эмас.

Бугун Андижондаги барча ҳудудларда бўлгани каби, Қаландорхона маҳалла фуқаролар йиғинида миллий қадриятларимиздан бири саҳоват тадбирлари ҳамда ҳашар ўтказилди. Унда маҳалла фаоллари, нуронийлари бошчилигида чалпак (чўзма), чучвара, сомса каби миллий баҳорий таомлар тайёрланиб, аҳолига улашилди. Маҳалла аҳли яхши кайфият ва уюшқоқлик билан ҳашарда фаол қатнашдилар.

Баҳор табиатни янгилайди, яшартиради. Унинг удумлари инсон руҳиятини поклайди. Бу байрам бутун борлиқни уйғотгани каби инсон кўнглига ҳам қувонч бағишлайди, уни ҳаётга, яшашга руҳлантиради. Дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш йўлида улкан бунёдкорлик ишларини амалга ошираётган юртдошларимизнинг қалбини янги орзулар билан тўлдиради.

Нуржаҳон ЙЎЛДОШЕВА