ҲУҚУҚ

ИЖТИМОИЙ НАФАҚА ЭНДИ ФАҚАТ ЭҲТИЁЖМАНДЛАРГА БЕРИЛАДИ


26.10.2023   260

«Нега қўшним молиявий шароити меникидан яхши бўлсада нафақа пулини олади, менга эса беришмади» деган мазмундаги шикоятларни бугун ижтимоий тармоқларда, одамлар орасида кўп учратиш мумкин.

Ҳақиқатдан шунга ўхшаш ҳолатлар ҳаётимизда учраб турибди. Бунинг асосий сабабларидан бири амалдаги қонунчиликда ижтимоий нафақа олишни сўраб ариза берилган вақтда кам таъминланган деб белгиланган оилага болалар нафақаси 12 ойга ва моддий ёрдам эса 6 ойга тайинланаётганидир. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати маълум қилди.

Бундай ҳолларда нафақа ёки моддий ёрдам тайинлангандан кейин иқтисодий аҳволи яхшиланган, масалан қўшимча даромади пайдо бўлган, янги автомашина ёки иккинчи қўшимча кўчмас мулк харид қилган бўлсада тўловлар муддат якунига қадар давом эттирилади.

Мисол учун, бир оилага 2023 йил январь ойида болалар нафақаси тайинланганда оилада автомашинаси мавжуд бўлмаган. Аммо ушбу оила бир ойдан кейин, яъни февраль ойида янги улов сотиб олган. Ушбу оилага нафақа 12 ойлик муддат якунигача, яъни шу йилнинг декабрига қадар тўланади. Худди шундай ҳолатлар нафақа тайинлангандан сўнг юқори иш ҳақи берувчи ишга жойлашиши ёки кейинчалик кўчмас мулк харид қилган оилаларда ҳам кузатилади.

Масалан, ўтказилган ўрганишларда нафақа олувчи 117 мингдан ортиқ оиланинг иқтисодий аҳволи яхшилангани, хусусан 78 минг нафардан ортиқ оила аъзолари юқори иш ҳақи асосида ишлаётгани, 34 минг нафардан ортиқ оила аъзолари автотранспорт воситаси, 11 минг нафардан ортиғи кўчмас мулк харид қилган аниқланди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 2022 йилда ижтимоий ҳимоя дастурлари доирасида нафақа олганларнинг 5,6 фоизи ўзига тўқ ва 12,5 фоизи ўрта аҳволдаги оилалардир. Шундан келиб чиқиб 2022 йилда жами нафақа олувчи оилаларнинг 18,1 фоизи кам таъминланган деб топилган, аммо ҳақиқатда ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлмаган оилалар (шахслар) бўлган.

Ўз-ўзидан иккинчи оилада «Нега шароити бир хил оилага икки хил қаралмоқда?», «Кимдир бунга тайинлаб берган», «Тайинлаш учун пул бериш керак» деган маънода норозилик ва тизимга нисбатан ишончсизлик туғилади. Бунга асосий сабаб, нафақа тайинлангандан кейин оиланинг иқтисодий аҳволи мониторинг қилинмасдан, муддат якунига қадар тўловни амалга оширилганидир.

Шу каби ҳолатларни олдини олиш ва жамиятда учраб турган ижтимоий адолатсизлик ҳолатларини бартараф этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ахборот тизими орқали кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга ижтимоий нафақалар тайинлаш бўйича электрон кўринишда ариза беришни жорий этиш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ушбу қарор лойиҳасида юқоридаги камчиликларнинг ечими ўз ифодасини топган. Яъни, унга кўра оиланинг иқтисодий аҳволи автоматик равишда вазирлик ва идоралардан олинадиган электрон маълумотларга мувофиқ ҳар ойда мониторинг қилиб борилади ҳамда иқтисодий ҳолати яхшиланган оилаларга нафақаларни тўхтатиш амалиёти жорий этилмоқда.

Бу дегани, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг сонини қисқартириб уларга берилаётган моддий ёрдамни қисқартириш эмас. Аксинча, давлат томонидан берилаётган нафақаларни адолатлилик тамойили билан тақсимланиши, миқдори кўтарилиши ва ушбу тоифага кирмайдиган фуқароларни виждонсиз ҳатти-ҳаракатларини олдини олиш ҳамда жамиятда норозилик ҳолатларининг олдини олишга қаратилган.

Ҳозирда давлатимиз кам таъминланган қатламларни қўллаб-қувватлашга эътиборни янада кучайтирмоқда. Оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оилаларни кўмак беришда кенг қамровли ижтимоий сиёсат амалга оширилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар самарадорлиги унинг асосий механизмларини доимий равишда такомиллаштириш, биринчи навбатда, берилаётган ёрдамнинг аниқ манзиллилигини таъминлаш ушбу йўналишдаги асосий мақсадлардан биридир.