ЖАМИЯТ

ИЗБОСКАНДА 40 МИНГ НАФАР ИСТЕЪМОЛЧИГА СУЮЛТИРИЛГАН ГАЗ БИЛАН ТАЪМИНЛАНМОҚДА


20.02.2023   991

Избоскан туманидаги “Янги Бўстонобод” МФЙ қўшни Қирғизистон Республикаси билан чегарадош ҳудудларда жойлашган. Ушбу МФЙ ўрамида 627 та хонадонда 3500 дан ортиқ юртдошларимиз истиқомат қилиб келмоқда.

“Маҳалламизтуман ва вилоятимизнинг чекка ҳудудлардан бири бўлишига қармасдан, суюлтирилган газ ўз вақтида етказиб берилмоқда. Белгиланган графигимиз бор. Ҳар ойнинг 10-санасида бизни МФЙ ўрамидаги истеъмолчиларга “Избоскантумангаз” газ таъминоти бўлими ходимлари “айланма” усул бўйича аҳоли маиший газ баллонларини алмаштириб кетмоқдалар”- дея маълумот берди МФЙ раиси Ихволжон Қирғизов.

Мазкур маҳаллага туман газ таъминот бўлими томонидан 800 дона маиший газ баллонлари ижара шартнома асосида тарқатилган.Аҳолининг маиший газ баллон билан таъминланганлик даражаси 128%ни, истеъмочиларга суюлтирилган газ етказиб беришнинг ўртача даврийлиги эса 35-40 кунни ташкил этмоқда.

“Шукр, газларни ўз вақтида етказиб беришяпти. Авваллари икки-уч ойда келган кунлари бўлган, ҳозир эса бир ой-бир ярим ойда келади,- дейди “Қумариқ” кўчасида истиқомат қилувчи истеъмолчилардан бири Барчиной ая Эркаева. – Қиш пайти кўпчилик уйда бўлади. Совуқ кунлари икки-уч маҳал қозон қайнатамиз, чой қўямиз. Газ идораси ходимларига раҳмат. Баллонимиздаги газ тугагунга қадар етказиб келишяпти ва ўрнида бошқа газ тўла баллонга алмаштириб беришяпти. Барака топишсин”.

“Туманимиздаги 60 та маҳалла фуқаролар йиғини истеъмолчилари газ билан таъминланишади. Ҳозирча энг узоқ газ етказиб бериш муддати 45 кунни ташкил қилмоқда. Ҳар бир истеъмолчига онлайн тизим орқали газ етказиб берилишини қатъий назоратга олганмиз. Бўш вақтларимизда эса истеъмолчиларга маиший газ баллондан фойдаланиш қоидалари ҳақида ҳам тушунчалар бермоқдамиз.” –дейди бўлимнинг суюлтирилган газ етказиб бериш етакчи муҳандиси Ҳаётбек Қамбаров.

Избоскан туманидаги 40 минг истеъмолчида 47 064 та маиший газ баллонлари мавжуд. Шундан 37 837 донаси ижара шартнома асосида таъминотчи томонидан тарқатилган. Жорий йилнинг январь ойида аҳолига 500 тоннага яқин суюлтирилган газ етказиб берилди. Истеъмолчиларни ўз вақтида газ билан таъминлашда “Избоскантумангаз” газ таъминоти бўлими ходимлари фидоийлик билан меҳнат қилмоқдалар.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти бўлими матбуот хизмати